Ўзбекистон | 20:31 / 27.10.2024
9237
2 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева набираси билан бирга сайловда овоз берди

«Сайловларда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайланган вакиллар орқали халқнинг давлатни бошқаришдаги иштироки таъминланади», — дейди Сенат раиси.

Фото: Telegram/Tanzila Narbaeva

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман кенгашларига депутатлар сайловида набираси билан овоз берди. Бу ҳақда у ўзининг Telegramʼдаги канали орқали маълум қилди.

«Мамлакатимизда сайлов жараёнида фуқаролар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Давлат бундан манфаатдор, чунки умумий сайловларда парламент ва маҳаллий кенгашларга сайланган вакиллар орқали халқнинг давлатни бошқаришда иштироки таъминланади.

Бу сайловлар янгиланган Конституция қабул қилинганидан кейин илк бор ўтказилаётгани билан ҳам аҳамиятлидир. Асосий қонунимизда парламент ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ваколатлари сезиларли даражада кенгайтирилди.

Бугун кузатилаётган сайловларда иштирок этиш даражасининг юқорилиги фуқароларимизнинг сиёсий жараёнларга эътибори кучайганидан, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссидан далолат беради.

Сўнгги йилларда халқимиз дунёқарашида кузатилаётган бу ўзгаришлар давлатимизнинг аҳоли билан ишлаш, уларнинг муаммоларини жойларда тезкор ҳал этиш, қонунлар, муҳим давлат ва ҳудудий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқишда аҳолининг фикр-мулоҳазаларини инобатга олишга қаратилган сиёсатини амалга ошириш натижаси ҳисобланади», — дейди Танзила Норбоева.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш жараёни 11 минг 28 та сайлов участкаларида соат 08:00 да бошланди ва соат 20:00 да якунланди.

Марказий сайлов комиссияси берган маълумотга кўра, бу йилги сайловларда Сайлов жараёнини бошқаришнинг автоматлашган тизимидаги Сайловчиларнинг электрон рўйхатига Ўзбекистондаги 19 миллион 944 минг 859 нафар сайловчи киритилган. Соат 17:00 ҳолатига кўра, жами 14,2 миллион сайловчи ўз овозини берган.

Мавзуга оид