Гуржистон пойтахтида парламент сайловлари натижасига қарши норозилик намойишлари бошланди
Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили митингда чиқиш қилиб, сайлов натижаларини тан олмаган халқаро етакчилар билан гаплашганини маълум қилди.
Гуржистонда ўтказилган парламент сайловлари натижасига қарши акция иштирокчилари Тбилиси марказида тўпланди, деб хабар беради Paper Kartuli нашри.
Қайд этилишича, намойишчилар парламент биноси олдида акция ўтказмоқда. Улар Руставели проспектини ёпиб қўйган.
Норозилик намойиши иштирокчилари 28 октябр куни кечқурун Гуржистонга ташриф буюрган Венгрия бош вазири Виктор Орбанни ҳуштаклар билан кутиб олган. Маҳаллий ОАВ маълумотларига кўра, у Руставели проспектидаги «Марриотт» меҳмонхонасига жойлашган. Орбан парламент сайловларида ғолиб чиққан россияпараст «Гуржистон орзуси» партиясини ғалаба билан биринчи бўлиб табриклаган эди.
Гуржистон президенти Саломе Зурабишвили митингда чиқиш қилди. У сайлов натижаларини тан олмаган халқаро етакчилар билан гаплашганини билдирди. «Биз овоз бериш борасидаги ўз конституцион ҳуқуқимизни ҳимоя қилиш учун курашамиз. Ҳозир пессимизмнинг вақти эмас, ҳозир хотиржамлик билан бошни кўтарган ҳолда ўз овозимизни ҳимоя қилиш муҳим», — дейди Зурабишвили.
«Ягона миллий ҳаракат» партияси етакчиларидан бири Георгий Вашадзе ҳам митингда нутқ сўзлаб, мухолифат қайта овоз бериш жараёнлари ўтказилишини талаб қилишини айтди.
Meduza нашрига кўра, Тбилисидаги кучишлатар тузилмалар намойишлар ўтказилаётган кўчага тўпланган. Ҳозирча қўлга олинган намойишчилар ёки куч тузилмалари вакиллари билан тўқнашувлар содир бўлгани бўйича бирор маълумот йўқ.
26 октябр куни Гуржистонда парламент сайловлари бўлиб ўтди. Дастлабки натижаларга кўра, ҳукмрон «Гуржистон орзуси» етакчилик қилди. Президент Зурабишвили ҳамда мухолифат натижаларни тан олмади. АҚШ Давлат департаменти эса халқаро кузатувчилар хулосаларини текширишга чақирди.
Мавзуга оид
10:30
Гуржистон мухолифати янги норозилик намойиши ҳақида маълум қилди
09:10 / 31.10.2024
Гуржистон президенти Зурабишвили прокуратурага боришдан бош тортди
19:23 / 30.10.2024
Гуржистонда сайловлар бўйича тергов бошланди. Мамлакат президенти сўроққа чақирилди
14:00 / 30.10.2024