Ўзбекистон | 16:18 / 28.10.2024
29186
2 дақиқада ўқилади

Комил Алламжонов автомобилига ўқ узишда гумонланиб яна уч киши ушланди

Бош прокуратура матбуот хизмати Комил Алламжоновга уюштирилган қуролли ҳужум юзасидан қўшимча маълумот берди. Идора буни «қотилликка суиқасд ҳолати» деб баҳолаган.

Бош прокуратура матбуот хизмати Комил Алламжоновга уюштирилган қуролли ҳужум юзасидан қўшимча маълумот берди. Маълум қилинишича, жиноятни содир этишга алоқадор бўлган шахсларнинг уч нафари ушланди.

«Бош прокуратура томонидан Қибрайдаги қотилликка суиқасд ҳолати билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўтказилган тергов ва тезкор қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган шахсларнинг яна уч нафари аниқланиб, гумонланувчи тариқасида ушланди», дейилади хабарда.

Бош прокуратура 26 октябр куни соат 1:40 атрофида Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Ифор кўчасида икки номаълум шахс Президент администрацияси собиқ ходими Комил Алламжоновнинг Range Rover русумли йўлтанламас автомобилига ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узиб, воқеа жойидан қочиб кетгани ҳақида хабар берганди. Ҳайдовчи ва Алламжонов жабрланмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

27 октябр куни ушбу жиноятни содир этишда гумонланувчиларнинг бири ушлангани хабар қилинди.

Мавзуга оид