Қорақалпоғистонда уч киши ис газидан заҳарланиб вафот этди
Эр-хотин ва уларникига меҳмонга келган йигит иситиш қозонхонаси мўрисидан чиққан ис газидан заҳарлангани айтилмоқда.
Нукус шаҳрида уч киши ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Kun.uz’га Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
2024 йил 18 октябрь куни соат 07:51 ларда Республика шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш маркази Қорақалпоғистон филиали шифокори К.Ережепова ИИБга Нукус шаҳри 23 кичик тумани 3/6-уйнинг 33-хонадонида яшаган 25 ёшли А.Я., унинг 23 ёшли хотини М.Я ва уларникига меҳмонга келган 27 ёшли А.Т ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар қилган.
Воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи юборилиб, олиб борилган суриштирув ишлари давомида А.Я, М.Я. ва А.Т уйнинг иситиш қозонхонаси мўрисидан чиққан ис газидан (угар) заҳарланиб вафот этгани аниқланган.
Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.