Ўзбекистон | 20:02 / 29.10.2024
4064
6 дақиқада ўқилади

29 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Газ ва электрдан узилаётган Тошкент тумани, Малайзия компанияси ўрнатадиган қуёш панеллари, ноқонуний олтин қазувчиларга қамоқ жазоси — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Газ ва электрсиз қолаётган туман

Тошкент туманидаги қарийб 43 минг хонадонда номаълум муддатга газ ўчирилади. Ҳавонинг совиб кетганига қарамасдан, тумандаги 610 та улгуржи ташкилот ҳамда 41 та ижтимоий соҳа объектига ҳам табиий газ етказиб бериш вақтинча тўхтатилади.

Туман ҳокимлиги хабарига кўра, газ тармоқларида ёзги диафрагмаларни қишки диафрагмаларга алмаштириш ишлари олиб борилиши кўрсатилган.

Хабарда табиий газ таъминоти “ишлар якунлангунга қадар” тўхтатилиши айтилган. Бироқ таъмирлаш ишлари қачон якунига етказилиши ва газ таъминоти қачон тикланишига аниқлик киритилмаган.

Бундан ташқари, 30 октябр куни туманнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида ҳам узилишлар кузатилиши маълум қилинди.

Тошкент тумани электр таъминоти корхонасининг билдиришича, туманнинг бир қатор маҳаллаларида, ушбу ҳудудлардаги корхона ва ташкилотларда соат 8:00 дан 18:00 гача электр таъминотида узилишлар бўлади.

Бунга сабаб сифатида Боғор подстанциясидан чиқувчи трансформаторда куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилиши кўрсатилган.

30 октябр, чоршанба куни Тошкент вилоятида кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши, туман тушиши, ҳарорат кечаси +2...+7, кундузи +12...+17 даража бўлиши прогноз қилинмоқда.

Малайзиядан қуёш панеллари

Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчиси Каромиддин Гадоев Селангор штатининг Куала-Лангат тумани Женжаром шаҳарчаси ҳудудида жойлашган Sunview Group компаниясига қарашли қуёш фотоэлектр станциясига ташриф буюриб, компаниянинг лойиҳалар менежери Жон Стид билан учрашув ўтказди.

32 гектар майдонда қурилган ушбу станция шу йил июл ойида қуриб битказилган. Станциянинг умумий қуввати 26 MW ва умумий электр тармоғига электр энергияси узатмоқда.

Sunview Group ва Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ўртасида иккита қуёш электр станцияларини қуриш бўйича дастлабки шартларни белгилаш тўғрисидаги битим имзоланган.

Жон Стид Энергетика вазирлиги қошидаги Yashil Energiya МЧЖ билан ижтимоий объектлар ва давлат идораларига панелларни ўрнатиш ишларини бошлашга тайёрлигини маълум қилди.

Компания Қашқадарё вилоятида сув насос станцияларини қайта тикланувчи электр манбалари билан таъминлаш лойиҳаси устида ҳам иш бошлашга тайёрлигини билдирди.

Ноқонуний олтин қазувчиларга қамоқ жазоси

Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ноқонуний равишда олтин қазиб олиш ҳолатлари кўп учрамоқда ва бу инсонлар ўлимига ҳам сабаб бўлмоқда. Бундай ноқонуний фаолият учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди.

Хусусан, Жиноят кодекси 196-1 ҳамда 196-2-моддалар билан тўлдирилмоқда.

196-1-модда фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олишни назарда тутади. Унга кўра, фойдали қазилмаларни рухсатномасиз қазиб олиш маъмурий жазо қўлланганидан кейин содир этилган бўлса, БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ушбу ҳаракатлар кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ҳамда бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, шунингдек, жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда ва уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, жазо янада қатъийроқ бўлади, жумладан кейинги бандга кўра, жиноятга қўл урганлар 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши ҳам мумкин

196-2-моддада эса фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олганлик учун жавобгарлик белгиланди. Бундаги жазо санкциялари ҳам аввалги модданики ўхшаш.

Шунингдек, қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, ер бериш тартибини бузиш билан боғлик ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённома тузиш юзасидан ички ишлар органларига зарур ваколатлар берилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилган.

Хусусий бандлик агентликларига енгиллик

Президентнинг “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошириш жараёнларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

2024 йил 1 декабрдан бошлаб, хусусий бандлик агентликлари лицензия олиши учун захира маблағлари миқдори БҲМнинг 8500 бараваридан 4000 бараваригача камайтирилади.

Мазкур захира маблағларини хусусий бандлик агентликлари агентликнинг розилигисиз фойдаланмаслик шарти билан тижорат банклари депозитларига жойлаштиради.

Агентликнинг фуқароларни ташкил этилган ҳолда танлаб олиш, хорижга ишга жўнатиш ва ишга жойлаштириш билан боғлиқ функциялари 2026 йил 1 январга қадар босқичма-босқич хусусий бандлик агентликларига ўтказилади.

Ўзбекистонга солиқ тўлаётган хориж компаниялари

Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 61 та хорижий компания томонидан 2024 йилнинг январ-сентябр ойларида 101,9 млрд сўм солиқ тўланган. 

Солиқ қўмитаси хабарига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 баробар кўп. 

Тўланган солиқларнинг 99,9 фоизи электрон хизматлар кўрсатувчи 10 та хорижий компания ҳиссасига тўғри келади. Энг кўп солиқни қуйидаги уч компания тўлаган:

  • Меtа — 41,1 млрд сўм;
  • Google — 26,1 млрд сўм;
  • Apple — 22,6 млрд сўм;

Мавзуга оид