Жаҳон | 12:30 / 29.10.2024
2251
2 дақиқада ўқилади

Исроилда 2025 йилдан UNRWA фаолияти тақиқланди

Исроил парламенти UNRWA'га келаси йили мамлакатдаги «барча фаолиятини» тўхтатишни буюрадиган қонун лойиҳасини маъқуллади.

Фото: Dawoud Abu Alkas / Reuters

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлиги (UNRWA) келаси йили Исроил ҳудудидаги «барча фаолиятини» тўхтатиши керак. Исроил парламенти 28 октябр, душанба куни мунозарали қонун лойиҳасини 92 та овоз билан маъқуллади, деб хабар берди AP.

Dpa аниқлик киритишича, янги қонунчилик UNRWA Фаластин ҳудудларида ўз фаолиятини давом эттира олмаслигини англатади, чунки Исроил чегара ўтиш жойларини назорат қилади.

Етти давлат UNRWA'нинг Исроилда тақиқланишига қарши чиқди

Германия, Франция, Буюк Британия, Канада, Австралия, Япония ва Жанубий Корея Исроил парламентининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ишлари агентлиги (UNRWA) ишини жиддий чеклайдиган қонун лойиҳаларидан «чуқур хавотир билдирмоқда». Бу ҳақда 27 октябр куни Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган етти давлат ташқи ишлар вазирликларининг қўшма баёнотида айтилади.

«UNRWA Ғазо сектори, Шарқий Қуддус, Ғарбий соҳил ва бутун минтақадаги фаластинлик қочқинларга муҳим ва ҳаётни сақлаб қоладиган инсонпарварлик ёрдами ва асосий хизматларни тақдим этади. Унинг ишисиз бу ёрдам ва хизматлар, жумладан, таълим, соғлиқни сақлаш ва Ғазода ёнилғи тақсимоти масаласи жуда қийинлашади», дейилади маълумотда.

Ташқи ишлар вазирлари Исроил ҳукуматини халқаро мажбуриятларини бажаришга, UNRWA имтиёз ва иммунитетларини сақлаб қолишга ҳамда барча шаклларда тўлиқ, тез, хавфсиз ва чекланмаган гуманитар ёрдам кўрсатиш, шунингдек, жуда зарур бўлган асосий хизматларни тақдим этиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга «қаттиқ чақирди». 

Мавзуга оид