Кейинги йилдан солиқ сиёсатида қандай ўзгаришлар бўлиши кутиляпти?
1 январдан бошлаб мол-мулк солиғи ва ер солиғи ставкалари 10 фоизга ошади. Кейинги йилдан бошлаб барча турдаги шакарли ичимликларнинг 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғини қўллаш режалаштирилган. Асосий солиқ турлари бўйича ставкалар эса ўзгаришсиз сақлаб қолинади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги 2025 йил 1 апрелдан бошлаб таркибида шакар мавжуд бўлган газланмаган салқин чойлар, мева шарбатлари, компотлар ва бошқа газланмаган шакарли ичимликларнинг 1 литри учун 500 сўм миқдорида акциз солиғини жорий этишни режлаштиряпти. Мазкур таклиф бўйича 2025−2027 йиллар учун ишлаб чиқилган бюджетнома лойиҳасида маълумот берилган.
Қайд этилишича, қуйидаги асосий солиқ турлари бўйича ставкалар ўзгаришсиз сақлаб қолинади:
- фойда солиғи — 15 фоиз;
- қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) — 12 фоиз;
- жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи — 12 фоиз;
- ижтимоий солиқ — 12 фоиз (бюджет ташкилотлари учун — 25 фоиз);
- юридик шахслар мол-мулк солиғи — 1,5 фоиз;
- айланмадан олинадиган солиқ — 4 фоиз.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқ етиштириш учун фойдаланиладиган сув ҳажми бўйича солиқ ставкаси 1 куб метр учун 100 сўм, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси 1,5 фоиз миқдорида сақлаб қолинади.
Ўз навбатида 2025 йил 1 апрелдан бошлаб нефт маҳсулотлари, хусусан бензин, авиакеросин, дизел ёқилғиси, ЭКО дизел ёқилғиси, дизел ёки карбюратор (инжектор) двигателлари учун мотор мойи ҳамда якуний истеъмолчига реализация қилинадиган бензин, дизел ёқилғиси, суюлтирилган ва сиқилган газ учун тўланадиган акциз солиғи ставкаларини 10 фоизга ошириш режалаштирилган.
Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини белгилашда қуйидагилар таклиф этилмоқда:
- қазилма бойликларида солиқ улуши унинг харид нархига нисбатан жуда пастлигини инобатга олиб, мармар, гранит, табиий безактош, қум–шағал аралашмаси (шу жумладан, қурилиш қуми ва қумтошлар) учун алоҳида солиқ ставкалари белгилаш;
- кон-кимё хомашёси ҳамда бошқа норуда қурилиш материаллари учун қазиб олинган ҳажмга белгиланган қатъий миқдорларни 10 фоизга индексация қилиш.
2025 йил 1 январдан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сувни исроф қилишни камайтириш мақсадида сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларида қуйидагилар таклиф этилмоқда:
- электр станциялари, коммунал хизмат кўрсатиш корхоналари, алкоголсиз ичимликлар ҳамда алкогол маҳсулотлари (пиво ва винодан ташқари) ишлаб чиқарувчилар ҳамда саноат корхоналари учун фойдаланиладиган сув ҳажмига қўлланадиган солиқ ставкаларини ўртача 10 фоизга индексация қилиш;
- иқтисодиётнинг бошқа тармоқларидаги корхоналар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун сув солиғи ставкаларини саноат корхоналари учун белгиланган ставкага тенглаштириш;
- автомобилларни ювишда фойдаланиладиган сувнинг 1 куб метри учун солиқ ставкасини 15 минг сўм қилиб белгилаш.
2025 йил 1 январдан бошлаб юридик ва жисмоний шахсларнинг турар ва нотурар кўчмас мулк объектларига солинадиган мол-мулк солиғи ставкалари 10 фоизга оширилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ва халқ депутатлари вилоятлар Кенгашлари томонидан нотурар кўчмас мулк объектлари учун белгиланган энг кам қийматга туманларнинг иқтисодий ривожланишига қараб 0,5 гача бўлган камайтирувчи коэффициент қўллаш ҳуқуқи сақлаб қолинади.
Юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғининг базавий ставкалари ҳам ўртача 10 фоизга оширилади.
Мавзуга оид
07:50
Товарларни электрон платформалар орқали сотувчиларга солиқ оширилиши мумкин
11:00 / 30.10.2024
Ўрта тадбиркорлик субъектлари 9 ойда қанча солиқ тўлагани айтилди
12:30 / 23.10.2024
Юқори барқарорлик рейтингига эга тадбиркорларда солиқ текширувлари ўтказилмайди
15:53 / 14.10.2024