Жаҳон | 18:07 / 29.10.2024
6720
3 дақиқада ўқилади

Пуэрто Рико архиепископи Трамп узр сўрашини талаб қилди

Сан-Хуана-де-Пуэрто-Рико архиепископи Роберто Гонсалес Невис республикачи Доналд Трампни партиянинг Ню-Йоркдаги Мэдисон-сквер-гарденда ўтказилган митингида комик Тони Ҳинчклифф айтган сўзлар учун шахсан узр сўрашга чақирди. У ўз чиқишида Пуэрто Рикони «сузувчи чиқинди ороли» деб атаганди.

Фото: Getty Images

Трампнинг штаби Kill Tony тахаллуси билан танилган Ҳинчклиффнинг ҳазилидан масофа сақлашга уринмоқда ва унинг сўзлари собиқ президентнинг қарашларини акс эттирмаслигини билдирмоқда, аммо Трампнинг ўзи авж олаётган можарога реакция қилмади.

Комикнинг сўзлари демократлар томонидан ҳам, республикачилар томонидан ҳам кескин қарши олинди.

«Пуэрто Рико — сузувчи чиқинди ороли эмас, Пуэрто-Рико — ажойиб ва олижаноб одамлар яшовчи гўзал ўлка», — дея ёзган Роберто Гонсалес Невис ижтимоий тармоқларда тарқалган мактубида.

Архиепископ ўзига яхши ҳазиллар ёқиши, аммо юморнинг ҳам чегараси бўлиши ва бу одамларни хафа қилмаслиги ёки ҳамиятига тегмаслиги лозимлигини таъкидлаган.

«Мен сизни, жаноб Трамп, ҳеч қанақасига шахсий ёки сиёсий қарашларингизни акс эттирмайдиган ушбу сўзларга раддия беришга чақираман. Сизнинг кампаниянгиз узр сўраши етарли эмас. Сизнинг ўзингиз шахсан узр сўрашингиз муҳим», — дея қўшимча қилган у.

Трампнинг дилеммаси
Питер Боуз, BBC’нинг Шимолий Америкадаги мухбири

Доналд Трампнинг якшанба куни бўлиб ўтган энг шов-шувли митингида комик томонидан нотўғри танланган ҳазиллар собиқ президент учун безовталик уйғотувчи омилга айланди.

Унинг сайловолди кампанияси душанба куни давомида Тони Ҳинчклифф Мэдисон-сквер-гарденда Пуэрто-Рико —«сузувчи чиқинди ороли» экани ҳақида айтган сўзлар номзоднинг қарашларини акс эттирмаслигига ишонтиришга уринди, аммо аллақачон бу зарар келтиришни бошлаган.

Пуэрто-Рико архиепископи вазиятга аралашиб, тўғридан тўғри республикачилар номзодини узр сўрашга чақириши бу баҳс ҳали тинмаслигини кафолатлайди.

Трампга айниқса бошқа одамнинг сўзлари учун узр сўраш хос эмаслиги инобатга олинса, бу масала собиқ президент учун дилемма туғдиради, можаро туфайли у АҚШда яшовчи пуэрторикаликлар овозидан айрилиши мумкин.

Республикачилар партиясининг Пуэрто Рика бўлими раҳбари Анхел Гарсия аллақачон агар у узр сўрамаса, Трамп учун овоз бермаслигини маълум қилган.

Флоридалик республикачи конгрессмен Мария Элвира Салазар комикнинг сўзларини «ирқчилик» деб атаган ва буни эшитиб кўнгли беҳузур бўлганини айтган.

Келиб чиқишига кўра пуэрторикалик бўлган қатор машҳурлар, жумладан, қўшиқчи Рики Мартин ҳам танқидий фикрлар билдириб чиқди.

Мавзуга оид