Жаҳон | 23:08 / 29.10.2024
3606
2 дақиқада ўқилади

Шопеннинг йўқолган мусиқий асари қарийб 200 йилдан кейин топилди

Ноёб қўлёзма 1830-1835 йилларда ёзилган бўлиб, унга Ню-Йоркдаги музейда янги коллекцияларни тартибга келтираётган ходим дуч келган.

Фото: The New York Times

Ню-Йоркдаги Морган музейидан полшалик бастакор Фридерик Шопенга тегишли экани тахмин қилинаётган янги мусиқий асар топилди, деб хабар беради BBC.

Қайд этилишича, ноёб қўлёзма 1830-1835 йилларда ёзилган бўлиб, янги коллекцияларни тартибга келтираётган ходим Робинсон Маккеллан томонидан топилган. Шундан сўнг у партитуранинг ҳақиқий эканини тасдиқлаш мақсадида Шопен ижоди бўйича етакчи мутахассислар билан иш олиб борган.

«Бир нарсани айтиш мумкинки, ушбу мусиқани Шопен ўз қўллари билан ёзган. Буни тинглаган инсонларнинг 98 фоизи Шопенни ҳис қилишларига ишончим комил», — дейди Маккеллан.

Асосан фортепианода ижро этиладиган мусиқаларни басталаган Шопен 1849 йили Францияда, 39 ёшида вафот этган. Испаниялик тадқиқотчиларнинг тахминича, у қисқа умри давомида тутақаноқдан азият чекиб келган.

Аввалроқ Германияда Мотсартнинг илгари номаълум бўлган асари топилганди. Асар Лейпсиг кутубхонасида сақланган ва Мотсарт асарларининг тўлиқ рўйхатини қайта нашр этишга тайёргарлик пайтида тасодифан топилган.

Мавзуга оид