Ўзбекистон | 21:32 / 31.10.2024
2565
6 дақиқада ўқилади

31 октябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Мактаб дарсликлари ижараси учун тўловни тиклаш таклифи, Ўзбекистон компанияларига АҚШ санкциялари, чап қаторда ҳаракатланган юк машиналарига жарима ва Фарғонада оширилган йўлкира ҳақи — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Мактаб дарсликлари ижараси учун тўлов

Мактаб дарсликлари учун ижара тўловлари яна қайта тикланиши мумкин. Иқтисодиёт ва молия вазирлигига кўра, «дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда».

Вазирлик 2025-2027 йилларга мўлжалланган Бюджетнома лойиҳасида мактаб дарсликлари учун ижара пулларини қайта тиклашни таклиф этган.

Унга кўра, 2025/26 ўқув йилидан 2–11-синфларда бир тўплам дарслик ва машқ дафтарлари учун ижара тўлови ундириш тизимини қайта йўлга қўйиш режалаштирилган.

2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450−500 минг сўмни (шундан машқ дафтарлари — 100−150 минг сўмни) ташкил этган. Ҳужжатда бир тўплам учун 80 минг сўм (таннархнинг 16-18 фоизи) миқдорида тўловни қайта тиклаш таклиф этилган.

Мактаб таълими тизимида 2022 йилдан бери дарсликлар учун ижара пули олинмаяпти.

Давлат чегара режими тўғрисидаги низом

Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасига оид айрим норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси режими тўғрисидаги низом тасдиқланган. Низом чегара зонасига кириш (ундан чиқиш), ундан ўтиш, у ерда бўлиш (яшаш), ҳаракатланиш, хўжалик фаолиятини ҳамда бошқа фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилайди.

Чегара зонасида доимий яшайдиган шахслар чегара зонаси доирасида рўйхатга олиш варақасини олмасдан ҳаракатланиши мумкин.

Чегара зонасида доимий яшамайдиган ва 5 кундан ортиқ муддатга келадиган фуқаролар ички ишлар органлари томонидан бериладиган рўйхатга олиш варақасини олишлари шарт. Бунинг учун улар профилактика инспектори ёки маҳалла фуқаролари йиғини раисига мурожаат этишлари лозим.

Рўйхатга олиш варақасининг амал қилиш муддати – бир ой.

Чегара зонасида жойлашган аҳоли пунктларига хизмат сафарига юбориладиган шахслар уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва хизмат сафари ҳужжатларига эга бўлишлари лозим.

 

Ўзбекистон компанияларига АҚШ санкциялари

АҚШ Молия вазирлиги Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган яна иккита компания – Uzstanex ва The Elite Investment Group’га қарши санкциялар киритди.

Бунга мазкур компанияларнинг «Россияга қарши чекловларни четлаб ўтишда иштирок этгани» сабаб сифатида келтирилган. 

Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган Uzstanex 2018 йил июл ойида рўйхатдан ўтган. Амалга оширадиган фаолият тури – механик дастгоҳларнинг улгуржи савдоси.

АҚШ Ғазначилик департаменти маълум қилишича, Uzstanex томонидан харид қилинган дастгоҳлар Хитойда жойлашган Shanghai Winsun компаниялари орқали Россияга етказиб берилган. Шу сабабдан унга қарши санкциялар киритилган. 

The Elite Investment Group 2024 йил январ ойида ташкил этилган. Фаолият тури – ихтисослашмаган улгуржи савдо. Компания Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида жойлашган.

Компания 2024 йил март ойи ўрталаридан май ойигача GUCLU GLOBAL компаниясидан ташувчи агенти сифатида фойдаланган ҳолда, Россиядаги компанияларга тахминан 190 минг доллар қийматидаги юқори устувор товарларни, жумладан, электр трансформаторларини етказиб берган.

Ўзбекистон ташқи савдо айланмасидаги топ 10 давлат

Статистика агентлиги 2024 йилнинг январ-сентябр ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатларни эълон қилди.

Унга кўра, ўтган 9 ойда қуйидаги давлатлар билан савдо айланмаси энг юқори бўлган (АҚШ долларида):

1. Хитой — 9 млрд.

2. Россия — 8,7 млрд

3. Қозоғистон — 3 млрд

4. Туркия — 2,2 млрд

5. Жанубий Корея — 1,5 млрд

6. Туркманистон — 868 млн

7. Франция — 859 млн

8. Германия — 857 млн

9. Афғонистон — 762 млн

10. АҚШ — 672 млн

Чап қаторда ҳаракатланган юк машиналарига жарима

Чапга бурилиш ёки қайрилиб олиш истисно этилганда йўлнинг четки чап қаторида юк автомобиллари ҳаракатланиши энди базавий ҳисоблаш миқдорининг ярим баравари — 187,5 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Бу борада Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимча киритилди. 

Биринчи жаримадан кейин бир йил давомида такроран қоидабузарлик БҲМнинг 1 баравари (375 минг сўм), учинчи қоидабузарлик БҲМнинг 3 баравари (1 млн 125 минг сўм), йил давомида тўртинчи ва ундан кейинги қоидабузарликлар БҲМнинг 4 баравари (1,5 млн сўм) миқдорида жарима ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум қилиш билан жазоланади.

Фарғонада автобусда йўлкира нархи ошди

Фарғона вилоятида энди автобусларда бир нафар йўловчи ташиш учун 3000 сўм тўланади. Агар ҳақ электрон шаклда тўланса — йўлкира ҳақи 2400 сўмни ташкил этади.

Бу ҳақдаги қарорни вилоят ҳокими Хайрулла Бозоров имзолаган.

Шунингдек, йўналишли такси (микроавтобуслар)да бир нафар йўловчи учун — 4000 сўм йўлкира белгиланди.

Шаҳар йўналишларидаги автобусларда йўловчиларнинг 7 ёшгача бўлган болалари учун ҳақ ундирилмайди. 

Мавзуга оид