Фан-техника | 12:21 / 31.10.2024
3947
4 дақиқада ўқилади

36,6 бу – миф. Одамда тана ҳарорати аслида қандай бўлиши керак?

Қайси кўрсаткичлар тана ҳарорати учун меъёр ҳисобланади, қачон шифокорга мурожаат қилиш керак? Буларнинг барчаси қандай омилларга боғлиқ экани маълум қилинди.

Фото: Unsplash

Тана ҳарорати 36,6 °C бўлиши керак, деган гап миф. Ҳар кимда шахсий меъёр шаклланади, у ўртача 35,9 дан 37,2 °C гача ўзгариб туради.

Шифокорга қачон бориш керак?

Тана учун қандай ҳарорат нормал ҳисобланиши аниқлаб олингандан сўнг, қайси ҳолат хавотирга сабаб бўлишини тушуниш осонроқ бўлади.

Тана ҳарорати 34,9 дан 35,2°C гача бўлса

Агар кишида қалқонсимон без муаммолари (гипотиреоз) кузатилса, яқинда антибиотиклар билан даволанган бўлса, радиация таъсирига учраган ёки ичкиликбозликдан кейин ўзини ёмон ҳис қилаётган бўлса, ҳарорат ўлчагич устуни шундай паст кўрсаткичга тушиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам дарҳол касалхонага бориш тавсия этилади.

Термометр кўрсаткичлари 34,9°C дан паст бўлса, бу тез ёрдам чақириш учун жиддий сабаб ҳисобланади.

Тана ҳарорати 35,3 дан 35,8°C гача бўлса

Бундай рақамлар одамда сурункали чарчоқ синдроми ёки жиддий тушкунлик ривожланаётганидан дарак беради. Ҳиссий муаммолардан ташқари, термометр устунидаги ушбу кўрсаткичлар жигар ёки ўт пуфаги билан боғлиқ муаммоларга ёхуд қандли диабетнинг дастлабки босқичи бошланганига ишора қилиши мумкин.

Мутахассисга мурожаат қилиш зарур. Бунда овқатланиш тартибини қайта кўриб чиқиш, кўпроқ ухлаш ва тез-тез спорт билан шуғулланишни маслаҳат берилиши мумкин. Лекин бу хавфли касалликнинг дастлабки аломатларини ўтказиб юборишдан афзалроқ, чунки асоратларнинг олдини олиш учун даволашни иложи борича эртароқ бошлаш керак.

Тана ҳарорати 35,9 дан 36,9°C гача бўлса

Сиз соғломсиз, терморегуляциянгиз ҳам яхши ишлаяпти.

Тана ҳарорати 37,0 дан 37,3°C гача бўлса

Чегарадаги ҳолат. Бундай кўрсаткичлар зарарсиз сауна, иссиқ ваннага тушиш, спорт залига бориш ёки аччиқ таом истеъмол қилишдан кейин кузатилиши мумкин. Агар юқорида санаб ўтилган нарсаларнинг ҳеч бири билан шуғулланмаган бўлсангиз, бу қалқонсимон без муаммоларининг (гипертиреоз) дастлабки аломатлари ёки сурункали касаллик белгилари бўлиши мумкин. Ички қон кетиш, тиш оғриғи ёки заҳарланиш ҳолатларида ҳам термометр устуни худди шундай даражага кўтарилади.

Шифохонага ташрифдан олдин иситма туширувчи воситаларни қўлламаган маъқул, бу аниқ ташхис қўйишга тўсқинлик қилади.

Тана ҳарорати 37,4 дан 40,2°C гача бўлса

Сизга шифокорнинг шошилинч ёрдами керак. Мутахассис кўригидан олдин дориларни қабул қилиш ёки қилмаслик ихтиёрий. Иммунитет тизимининг касаллик билан курашишига “халақит бермаслик” учун 38 °C дан пастроқ бўлган ҳароратга тегмаслик тавсия этилади. Агар сизда сурункали касалликлар бўлмаса, соғлиғингизга зарар етказмасдан шифохонага ташриф буюргунча чидашингиз мумкин. Баъзи неврологик ва руҳий касаллиги бор одамлар эҳтиёт бўлиши лозим: уларда тутқаноқ хуружлари бошланиши мумкин.

Ҳарорати 40,2 °C дан юқори бўлган одам шошилинч ёрдамга муҳтож, чунки бу унинг ҳаётига бевосита таҳдид солади.

Ҳароратни қаердан ва нима билан ўлчаш керак?

Симоби эскириб қолган термометрлар унчалик аниқ эмас ва ҳатто хавфли бўлиши мумкин, шунинг учун электрон термометр сотиб олган яхши. Болаликдан маълум бўлган усул — уни қўлтиқ остига қўйиш. Бу қулай, аммо унчалик ишончли эмас.

Оғизда ҳам ҳароратни ўлчаш мумкин, лекин ҳар сафар термометрни дезинфекция қилишга тўғри келади. Оғиз бўшлиғида термометр қўлтиққа нисбатан ярим даража юқори кўрсатишини ёдда тутинг. Ўлчашдан ярим соат олдин чекиш, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш, иссиқ овқат ейиш ва ичиш мумкин эмас.

Ҳароратни тўғри ичакда ўлчаш энг аниқ натижа беради. Олинган натижадан ярим даража айириб ташланади. Спорт машғулотлари ёки иссиқ ҳаммом термометр кўрсаткичларини ўзгартириб юбориши мумкин. Қулоқда ҳарорат ўлчаш энг мақбул усул, аммо бу жараён учун махсус термометр талаб этилади.

Мавзуга оид