Жаҳон | 14:01 / 31.10.2024
10523
3 дақиқада ўқилади

«Бу Камала ва Байден шарафига». Трамп чиқинди ташувчи машинага миниб олди

АҚШ президентлигига номзод «чиқинди можароси»га шу тахлит муносабат билдирди.

Фото: Associated Press

АҚШ президентлигига Республикачилар партиясидан номзод бўлган Доналд Трамп 30 октябр куни Висконсин штати Грин-Бей шаҳрига ташрифи чоғида журналистлар билан гаплашиш учун чиқинди ташувчи машина кабинасига чиқиб олди.

Forbes тарқатган видеода Трамп оқ кўйлак устидан сариқ йўл-йўлли тўқ сариқ рангдаги жилет кийган ҳолда кўриниш берган. Эшикни очишда бироз қийналган Трамп йўловчи ўриндиғига ўтирган, шу ердан туриб бир неча дақиқа давомида журналистлар билан гаплашган. Юк машина кузовига Трампнинг сайловолди кампанияси наклейкаси ёпиштирилган, эшикларга АҚШ ҳамда Трамп байроқлари ўрнатилган.

«Менинг чиқинди ташиш машинам қалай? Бу Камала [Ҳаррис] ва Жо Байден шарафига», — деган Трамп журналистларга.

The Hill нашри қайд этишича, республикачилар номзоди АҚШ президенти Жо Байденнинг охирги гапларига эътибор қаратиш учун чиқинди ташиш машинасига чиқиб олган. Сўнгги кунларда Трампни 27 октябр куни республикачиларнинг Ню-Йорк шаҳридаги Мэдисон-сквер-гарденда ўтказилган митинги чоғида қизиқчи Тони Ҳинчклифф томонидан айтилган ҳазил учун танқид қилишмоқда. Комик ўз чиқиши вақтида Пуэрто Рикони «сузиб юрувчи чиқинди ороли» деб атаганди. Жо Байденнинг 29 октябр куни унинг сўзларига жавоби қуйидагича янгради: «Мен у ерда кўрган ягона чиқинди — бу унинг тарафдорлари». Бунга муносабат билдираркан, Трамп «Байден бундан уялиши кераклиги»ни айтди.

Оқ уй президентнинг сўзлари нотўғри талқин қилингани, чунки у Трампнинг тарафдорларини эмас, Ню-Йоркдаги митингда янграган риторикани «чиқинди» деб атаганини билдирди. Байден ҳам Пуэрто-Рикога нисбатан нафратомуз риторикани назарда тутганини айтди ва «лотинамерикаликларни демонизация қилиш виждонсизлик» эканини қайд этди.

Доналд Трамп Грин-Бейда журналистлар билан мулоқотда қизиқчи Тони Ҳинчклиффнинг сўзларидан масофа сақлашга ҳаракат қилди. «Мен бу комик ҳақида ҳеч нарса билмайман. Мен уни танимайман. Уни ҳеч қачон кўрмаганман. У нима дегани ҳақида эшитдим, аммо бу унинг сўзлари. У комик, мен айтишим мумкин бўлган гап шу. Мен у ҳақида ҳеч нарса билмайман», — деган Трамп. Республикачи номзод чиқинди ташиш машинасидан туриб шундай деган: «Мен Пуэрто Рикони севаман, Пуэрто-Рико эса мени».

Журналистлар билан суҳбат якунида Трамп шундай деган: «Умид қиламанки, сизга чиқинди ташиш машинаси ёқди. Катта раҳмат». Маълум вақт ўтиб у кийимини алмаштирмаган ҳолда сайловолди митингида пайдо бўлган.

Октябр ойи бошида Доналд Трамп ўз сайловолди кампанияси доирасида журналистлар билан Пенсилваниядаги McDonaldʼs ресторанларидан биридаги фотосессия вақтида гаплашганди. Шундан кейин McDonaldʼs компанияси ходимларига АҚШ президентлигига номзодларнинг ҳеч бирини қўллаб-қувватламаслиги тўғрисида хат юборган.

Мавзуга оид