Жамият | 18:10 / 03.11.2024
32858
14 дақиқада ўқилади

“Асосийси жоним омон қолди” – Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқов билан суҳбат

“Қирол шер” мултфилмидаги Муфаса, “Муҳташам юз йил” сериалидаги Султон Сулаймонни ўзбекча гапиртирган дубляж устаси Афзал Рафиқов яна мингдан ортиқ экран қаҳрамонларининг овозига айланган. Kun.uz мухбири билан суҳбатда у ноёб овозининг қандай қилиб “йўқолиб қолган”и, кинодаги омадсиз фаолияти сабаблари, Ўзбекистонда дубляжнинг ривожланишдан тўхташи, театрларда томошабин камлиги ҳақида гапириб берди.

Кексайганда оғир синов берилди

Асл касбим саҳна актёри бўлишига қарамай, мени томошабинларнинг катта қисми овозим орқали танийди. Аммо ҳамма билган овозим ҳозир йўқ. Кексайганда оғир синов берилди, чап овоз пардаларимда хасталаниш вужудга келди. Очиғини айтсам, бу ниҳоятда қийин вазият, ундан чиқишим осон бўлмади, чуқур руҳий тушкунликка тушдим. Бир қанча дорилар қабул қилиб, даволаниш муолажаларини ўтказдим. Аммо булар натижа бермади, охири жарроҳлик амалиётига рози бўлдим. Сабаби бу касаллик нафақат овозим, балки бутун танамга таҳдид солиб турган хасталик эди.

Бахтим шунда эканки, аввало, жоним омон қолди, иккинчидан, овозимнинг ўзи ўзгарди, бироқ унинг ортида турган нарсалар ўзгаргани йўқ. Дид-фаросат, ички дунё, билим – ҳаммаси овоздан билинади, диктофон ёки микрофонда гапирганимда ана ўшаларнинг барчаси сақланиб қолгани сезилади. Аввал ҳам айтардим, ҳар бир овоз – бетакрор, ноёб, гўзал. Гап овозда эмас, унинг ортида турган нарсаларда…

Ушбу синовга қарамасдан фаолиятимни давом эттиряпман. Ҳалиям саҳнадаман, ҳали ҳам микрофон қаршисидаман. Биласизми, томошабин ҳам нормал қабул қиляпти, “овозинг йўқ экан, чиқиб кет саҳнадан”, деб ҳеч ким айтмаяпти. Техника ривожланган, унинг ютуқларидан фойдаланиб тингловчига ҳамон мақбул келадиган контентларни тайёрлашда давом этяпмиз. Яқинда дастурчилар бир программани яратди, у орқали овозимдаги хасталик белгилари олиб ташланиб, ўқиган матнларим аввалги оригинал овозимга ўгириляпти. Энди ишсиз қолиб кетаман деб қўрқмасам ҳам бўлади.

Тингловчи яхшироқ тушуниши учун Қуръони каримни актёр овози билан ўқидим”

1991 йил мустақилликка эришганимиздан сўнг, Қуръони карим ўзбек тилида нашр этилди. Ўша йили рўза тутишни бошлаган эдим. Ана шу кезларда муқаддас китобимизни бошидан охиригача ўқиб чиқдим. Китоб мутолаасини тамомлагандан сўнг, ичимда бу асарнинг аудио-диск форматини тайёрлаш керак, деган ғоя туғилди. Китобнинг овозли вариантини ишлаб чиқариш учун катта маблағ талаб этиларди, бу борада кўпчиликдан ёрдам сўрадим, изландим, ҳаракат қилдим, лекин ишим юришмади, ҳомий топилмади. Орадан 16 йил ўтиб бир инсон “Афзал ака, Қуръони каримнинг ўзбекча таржимасини аудиоформатда тайёрламоқчимиз, ўқиб бера олмайсизми?” деб қўнғироқ қилди. Ва мен "бу нарсани амалга оширишни неча йилдан бери орзу қилиб юрибман, сиздан айни шундай таклиф тушди, бу ҳам Худонинг бир инояти бўлса керак, албатта ўқиб бераман”, дедим. Шу тариқа, Шайх Абдулазиз Мансурнинг таржималаридан фойдаланиб, Қуръони каримнинг ўзбекча аудиоёзувларини тайёрлашга киришдик.

Ҳар бир қисмни ўқиб тугатганимиздан сўнг, унинг тўғрилигини шайхнинг ўзи текшириб берар эди. Китобни овозлаштириш жараёнида фақатгина ярим пора матнни ўқий олардим. Битта порани тўлиқ ўқишга жисмоний кучим етмасди. Қуръони каримни қуруқ матн ҳолида ўқимай, актёр сифатида ҳис-туйғу қўшиб овозлаштиришни маъқул кўрдим. Биласизми, китобдаги сўзлар мазмунини тўлиқ англамасам, у ерда нима ёзилганини тушуниб, этим жунжикмаса, ёзилган матндан ўзим ҳаяжонга тушмасам, тингловчига қилаётган ишим етиб бормас эди. Шу сабаб, асл мазмунни англаб, китобни актёр ролида овозлаштирдим.

Ушбу китобни ўқиш учун кишининг маълум даражада тайёргарлиги бўлиши керак, тайёргарлиги йўқ одам уни тинглай олмайди. Китобни актёр овозида аудиолаштиришимиздан асосий мақсадимиз тайёргарлиги йўқ инсонлар, ҳатто, болаларнинг ҳам ушбу китобни тинглашга қизиқиши ва интилишини орттиришдан иборат эди. Баъзиларга кейинчалик бу форматда ўқиганим ёқмади, ҳиссиётсиз, қуруқ ўқиш керак, деган изоҳларни беришди. Лекин мен тингловчи тушуниб, ҳис қилиб, унинг ичига шўнғиб кетиши учун китобни актёр форматида ўқишни танладим. Китобни овозлаштириш жараёнида мусиқий безаклар қўшдик. Масалан, Худонинг қаҳри келганда момоқалдироқнинг овози, жаннат ҳақида гап кетганда сувларнинг шилдираши, қушларнинг сайраши каби мусиқий сайқалларни киритдик. Агар қуруқ ўқийверсангиз, бу тингловчини зериктириши мумкин эди.

Театрларда томошабин камлиги азалий масала

Илгари, яъни Совет иттифоқи даврида ҳам театрларга томошабин ташкил этилар эди. Администраторлар райкомга мурожаат қилар, улар эса билетларни тарқатишда катта ёрдам берарди. Томошабин турли ташкилотлардан мажбурий-ихтиёрий тарзда зўрма-зўраки билан олиб келинарди. 1969 йили Ҳамза театрига ишга кирган бўлсам, то у ердан кетишим – 1987 йилгача театрдаги атиги иккита спектакл ўзи томошабинни олиб келган. Булар "Келинлар қўзғолони" ҳамда "Билмайин босдим тиканни" асарлари эди. Айни шу спектакллар учун кассада билетлар қолмаган. Бошқа барча асарларга, ҳатто давлат мукофотига сазовор бўлганларига ҳам томошабин ташкил этилар эди. Ҳозир ҳам аҳвол деярли шундай. Чунки театр хос санъат, оммабоп эмас. Унга ҳар вақт одам тирбанд бўлмайди, бироқ театр ҳеч қачон ўлмайди. Шу боис театрга одам тушмаяпти, томошабин камайиб кетди, деб ҳеч қачон ўксиниш, танқид қилиш керак эмас, вазият доим шундай бўлган.

Драматургия – оқсоқ, тажрибали режиссёрлар етишмайди

Театрнинг асоси – песа, драматургия эса адабиётнинг энг мураккаб жанри, тожи саналади. Масалан, роман ёзган одам песа ёза олмайди. Бу алоҳида йўналиш. Ўзбекистонда драматургия оқсоқ бўлган доим. Собиқ Ҳамза театри ўзбек драматургиясининг лабораторияси эди, ёзувчи у ерга песани олиб келар, асар театрда ўқилиб, қайта ишланарди, репетиция жараёнида сайқалланарди. Шу тариқа кучли песалар театрда яратиларди.

Ҳозирда театрнинг ривожланишига керакли даражада ёрдам бера олмаётган нарса ¬– драматургия. Маҳоратли драматурглар бармоқ билан санарли даражада. Айни даврга келиб соҳада режиссура масаласи ҳам ўртага чиқяпти, тажрибали режиссёрлар кам. Бу каби муаммолар, яъни кадрлар масаласи аввал ҳам бўлган, фикримча, кейин ҳам давом этади.

Баҳодир Йўлдошев кетганидан сўнг театрнинг менга қизиғи қолмади

Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев театрдан кетганидан кейин янги режиссёрлар келди, бутун фаолиятим давомида Баҳодир Йўлдошев билан бирга ишлаганим боис бошқалардан ҳам ундаги бошқарувчанликни излар эдим, бироқ топа олмасдим. Унинг энг катта ютуғи репетиция жараёнида эди, актёрлар билан ишлашда, театрларнинг репертуарларини ташкил қилишда, спектаклларнинг бадиий сифатида иш вақтида ҳақиқий ижод муҳитини яратарди. Унинг сўзлари билан ҳамма ижод қилгиси келар, санъат оламига шўнғиб кетарди. Баҳодир Йўлдошев театрни тарк этганидан сўнг, айни ўша иш жойим (Ўзбек миллий академик драма театри)нинг қизиғи қолмади. Шу кезларда Ўзбекистон давлат академик рус драма театрининг бадиий раҳбари Владимир Шапиро уч марта ишга таклиф қилди. Икки марта рад жавобини бериб, учинчисида юқорида айтган вазиятим сабаб қўшимча иш сифатида рус театрида ярим ставка ишлашга рози бўлдим. Лекин ҳали асосий иш жойим давлат академик драма театрида эди. 2014 йил у ерда раҳбар алмашди. Янги директор театрдаги барча нафақахўрларни чақириб, “моянанинг ярмига ишлашга розиман деб ариза ёзсангиз, театрда қолишингиз мумкин”, деган шартни қўйди. Президентнинг ёшларни қўллаб-қувватлаш ҳақидаги фармонини важ қилиб, “сизлар ярим ойликка ишласангизгина, ёшларнинг маошини кўтара олишим мумкин”, дея мурожаат қилди. Ўша кезда ариза ёзиб, ўзбек миллий академик драма театридан бўшаб кетганман. Кейинчалик бу вазият юқоридагиларга етиб борганидан сўнг, пенсионерларнинг маошини жойига қайтаришган, ноқонуний-да аслида бу. Лекин мен ишга қайтиб бормаганман.

Экранда ишим юришмади

“Киногеничность” деган тушунча бор, яъни кинода суратга тушиш учун инсоннинг чеҳраси экранбоп бўлиши лозим. Баъзи инсонлар ҳаётда ўта келишган, чиройли бўлмаса ҳам, экранда кўркам, жозибадор чиқади. Бироқ менга бунақа чеҳра берилмаган, суратларда ўзимга ҳеч қачон ёқмаганман. Бундан ташқари, ташқи кўринишим шарқона ҳам эмас, ёшлигимда атрофдагилар мени ўзбек демасди. Шу сабаб кинода ишим юришмади.

“Микрофон олдига дуч келган одам ўтира бошлади, шу сабаб дубляжда сифат тушиб кетди”

“Ўзбекнинг қулоғига ҳиссиёт ёқади”, буни телевизон дубляжни энди бошлаган вақтларимизда тушуниб етдик. 1992 йилда ҳиндларнинг кўп серияли “Маҳобҳорат” филмини ўзбек тилига ўгириш бошланди. Бу жараёнга соф дубляж билан шуғулланганлар ичидан 4 киши – Ўзбекистон халқ артистлари Ҳожиакбар Нурматов ва Ойбарчин Бакирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Рима Аҳмедова ҳамда мени таклиф этишди, шу жамоа “Маҳобҳорат” филми билан телевизон дубляжни бошлаб берди. Нега айнан улар танлаб олинган, деган савол туғилиши табиий. Бу ишни Баҳодир Аҳмедов амалга оширган, у киши телевидениега қандай овозлар керак бўлишини жуда яхши билар эди. Мазкур тўртликнинг овози сувга ўхшаб қоришиб кетадиган, мослашувчан, жонга тегмайдиган овоз эди. Бир вақтнинг ўзида бир нечта ролга бир-бирига ўхшамайдиган овозларни бера олиш имконият бор эди ушбу тўртликда. Шу сабаб улар илк ўзбек телевизион дубляжига танлаб олинган.

Йилдан йилга дубляжлар сони кўпая бошлади. Даставвал фақат шу тўрт киши филмларни овозлаштирар эди. Кейинчалик сафимизга Дилбар Исмоилова қўшилган, бошқа ижодкор дубляжга яқин ҳам келмас эди, одатда.

Очиғини айтадиган бўлсам, 1990 йилгача Ўзбекистонда дубляж санъат даражасига кўтарилганди, дубляж мактаби ҳам бор эди, яхши ривожланаётганди. Телевидениеда 1992 йилларда филмлар овозлаштирила бошланиб, дубляж маркази телевидениега кўчганидан сўнг, киностудиядаги соф дубляж таназзулга юз тутди.

Вақт ўтиб телевидениеда кўплаб каналлар дубляж қилиш имкониятига эга бўлди, филм, сериаллар кўпайди, дубляжга бошқа актёрлар ҳам чақирилди. Ана ўша вақтда хатога йўқ қўйилди: микрофон олдига дуч келган, тажрибасиз инсонлар ўтира бошлади ва сифат тушиб кетди. Шундан сўнг, дубляж билан шуғулланаман, деганлар ҳам кўпайди. Негадир дубляж бирдан кўпчиликни қизиқтириб қолди. Илгари “дубляжда қатнашаман”, деб жон-жаҳди билан тиришганларни, “қанақа қилиб дубляжга борса бўлади?” деб юрганларни ҳеч учратмасдим, бунақа “ажиотаж” йўқ эди. Одамлар дубляжга кўп пул тўланади, деб ўйларди, аммо бундай эмасди. Дубляж билан шуғулланиш учун актёр бўлиш, саҳнада бир-иккита рол ўйнаган бўлиши керак, қуруқ овоз билан бу соҳада профессионалликка етиш қийин масала.

Ҳанузгача ўргатишдан кўра ўрганишни маъқул кўраман

Тадбирлар, сёмкалар, кўча-кўйда маданият соҳаси вакиллари “устоз” дея чақиради. “Устоз” деганларни тан оламан, фақат уларни тарбиялай олмаганман. Наздимда, бировга бир нарсани ўргатиш учун инсонда алоҳида қобилият бўлиши керак. Кимгадир билим улашиш ҳам алоҳида истеъдод. Менга айнан шу нарса берилмаган экан. Ҳанузгача ўргатишдан кўра, ўрганишни маъқул кўраман. Янги ролга қўл урсам, бутун ҳаётим давомида қилган ишларим, Ўзбекистон халқ артисти эканим – ҳаммасини бир четга суриб, гўё кечагина институтни битириб, энди иш бошлаган актёрдек репетицияга киришаман. Шундай тайёргарлик кўрмасангиз, натижа сиз хоҳлагандек чиқмайди. Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтига бориб, нутқ маданияти бўйича 3 ой дарс бериб кўрдим. Ўхшамади, кўнглимга бу иш ҳеч ботмади, ўзимни мажбурлар эдим, охири таслим бўлдим дарс бермасликка.

Адабий тилга шеваларни аралаштирмаслик зарур

Оммабоп нашрларда адабий тилга киритилмаган сўзларнинг қўлланаётганига гувоҳ бўляпмиз. Бу ҳолатга жиддийроқ қараш керак. Сўнгги йилларда пойтахтга вилоятлардан кўплаб аҳоли кўчиб келди, натижада меъёрий тилга турли шевалар аралашиб кетди. Фаолиятим давомида билдимки, муаллифлар матнда ўзига яқин бўлган сўзларни қўллашни афзал кўради. Масалан, бир сафар дубляж жараёнида жумлада шевага хос сўзлар қўллангани, ваҳоланки, ўзбек адабий тилида ўша сўзларнинг синоними борлиги, муаллифга уларни алмаштириш лозимлигини айтсам, буни қилишни хоҳламади. Сабаби унга айнан ўша жумла ёқади, болалигидан қулоғига ўрнашган шевадаги сўзларнинг жаранглашини хоҳлайди. Ҳатто ёзувчи, шоирлар ҳам мана шундай хатога йўл қўйяпти: шевани адабий тилга аралаштириб юборяпти. Фикримча, бу хавфли жараён – тил меъёрларининг бузилиши, тил бирлигининг заифлашиши сингари салбий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин.

Интервюни тўлиқ ҳолда Kun.uz YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Диёрахон Набижонова суҳбатлашди.
Оператор ва монтаж усталари: Нуриддин Нурсаидов, Жавоҳир Ғайратов.

Мавзуга оид