Қирғизистонлик аёллар 10 нафаргача фарзанд кўришга чақирилди
Қирғизистон хавфсизлик қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг айтишича, давлат хавфсизлигининг мустаҳкамлиги бевосита аҳоли сонига боғлиқ ва қўшни давлатларда аҳоли сони Қирғизистонникидан ўзиб кетмоқда.
Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев Нориндаги янги болалар боғчасининг очилишига бағишланган маросимда яна бир бор мамлакат аёлларига мурожаат қилиб, уларни кўпроқ фарзанд кўришга чақирди.
Ташиевнинг сўзларига кўра, кўп фарзандли оилалар — бу мамлакат келажагининг асосидир. Унинг таъкидлашича, қирғиз аёллари оилада 5-10 нафаргача бола бўлишига ҳаракат қилиши керак.
«Биз кўп фарзандли бўлишимиз керак. Аёллар, ёш келинлар бунга эътибор қаратиши лозим. Фақат шу ҳолатда Қирғизистон ривожлана олади… Давлат хавфсизлигининг мустаҳкамлиги бевосита аҳоли сонига боғлиқ. Агар аҳоли сони ошмаса, хавфсизликни таъминлаш қийин масалага айланади. Ҳозир дунёда катта ўзгаришлар бўляпти ва қўшни давлатлар аҳоли сони бўйича биздан ўзиб кетмоқда. Биз ушбу масалага жиддий ёндашишимиз даркор», — дейди Ташиев.
У давлат туғилиш даражасини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чораларини кўришга тайёрлигини маълум қилди. Бундай чора-тадбирлар қаторига болалар боғчалари, мактаблар ва бошқа ижтимоий объектлар қурилиши киради.
Бундан ташқари, Ташиев ҳукуматнинг тоғли ҳудудлар аҳолиси учун оналик капиталини жорий этиш режалари ҳақида гапирди. Мамлакатнинг айрим вилоятларида оилада туғилган тўртинчи фарзанд учун 100 минг қирғиз сўми, бешинчига — 600 минг сўм, еттинчи фарзандга эса 1 миллион сўм (11,6 минг АҚШ доллари) бериш кўзда тутилмоқда.
«Саккизинчи ва тўққизинчи фарзанд учун 1,5 миллион сўм, ўнинчиси учун эса 2 миллион сўм миқдорида тўлов белгиланади… Мақсадимиз — 10-20 миллионлик аҳолига тезроқ эришиш. Шунда мамлакат келажаги учун қайғурмасак ҳам бўлади», — дейди МХДҚ раиси.
Қирғизистон хавфсизлик қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев октябр бошларида ходимларига 5-6 фарзандли бўлишни буюрганди. Қирғизистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Қирғизистонда аёллар ўртача ҳисобда уч ва ундан ортиқ, қишлоқларда эса 4 ва ундан ортиқ бола туғади. Туғилишнинг умумий коэффициенти репродуктив ёшдаги аёлга 3,0 болани ташкил этади.
Мавзуга оид
19:40 / 05.11.2024
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 3 та чегара божхона постларида транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилади
18:09 / 05.11.2024
Туркия Қирғизистоннинг ташқи қарзидан кечди
17:12 / 05.11.2024
Андижондаги “Дўстлик” чегара божхона постида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча тўхтатилади
17:05 / 04.11.2024