Жаҳон | 11:17
1481
2 дақиқада ўқилади

Федерациялар кенгаши РФ ва КХДР ҳамкорлиги шартномасини ратификация қилди

Шартнома ташқи қуролли тажовуз содир бўлганда ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади. Ҳужжат ғарб давлатларида хавотир уйғотмоқда.

Фото: Фото: Дмитрий Азаров / Коммерсантъ

Россия парламентининг юқори палатаси – Федерациялар кенгаши 6 ноябр, чоршанба куни Россия Федерацияси ва КХДР ўртасида ҳар томонлама стратегик шериклик тўғрисидаги шартномани ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Ҳужжат 19 июн куни Пхенянда имзоланган.

Шартномада бошқа нарсалар қаторида қуролли тажовуз содир бўлган тақдирда бир-бирига ҳарбий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган. «Агар томонлардан бири бирон-бир давлат ёки бир неча давлат томонидан қуролли ҳужумга учраса ва уруш ҳолатига тушиб қолса, иккинчи томон БМТ Низомининг 51-моддаси ҳамда ўз қонунчилигига мувофиқ зудлик билан ҳарбий ва бошқа ёрдам кўрсатади», дейилади ҳужжатда.

Битим «адолатли кўп қутбли янги дунё тартиби»ни ўрнатиш ва икки давлат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш мақсадида биргаликдаги фаолият механизмларини яратиш бўйича ҳамкорликка оид қоидаларни ўз ичига олади.

Россия ва Шимолий Кореянинг бошқа соҳалардаги ҳамкорлиги

Россия ва Шимолий Корея, шунингдек, хавфсизлик, иқтисодиёт, савдо, сармоя, фан-техника, қишлоқ хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, маданият, туризм, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий офатларнинг олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш каби соҳаларда ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Бундан ташқари, Россия ва КХДР минтақалараро ва трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштиради, халқаро терроризм ҳамда бошқа чақириқ ва таҳдидларга қарши курашда ҳамкорлик қилади.

Россия ва КХДР ўртасидаги стратегик шериклик тўғрисидаги битим Ғарб ва НАТО давлатларида чуқур хавотир ва салбий муносабатга сабаб бўлди. Россиянинг Сеулдаги элчиси Жанубий Корея Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.

Мавзуга оид