Жаҳон | 13:33
7506
3 дақиқада ўқилади

Камала Ҳаррис америкаликларни таслим бўлмасликка чақирди

Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод ўз тарафдорлари олдида гапирар экан, мағлубиятини тан олди. Шу билан бирга, у ҳеч қачон озодлик учун курашдан воз кечмаслигини таъкидлади.

Фото: Kevin Lamarque / Reuters

АҚШ президентлигига Демократик партиядан номзод Камала Ҳаррис олий давлат лавозими учун курашда республикачи Доналд Трампдан мағлубиятга учраганини очиқ тан олди. «Биз бу сайлов натижасини қабул қилишимиз керак», деди 60 ёшли демократ 6 ноябр, чоршанба куни кечқурун тарафдорлари олдида қилган чиқишида. У ҳокимият тинч йўл билан ўтказилишини таъминлашга ваъда берди. Аввалроқ Ҳаррис Трампга телефон орқали қўнғироқ қилиб, уни ғалабаси билан табриклаган эди.

«Америка демократиясининг асосий тамойили: «Агар биз сайловда ютқазсак, натижани қабул қиламиз. Бу демократияни монархия ёки тираниядан ажратиб туради», деди Ҳаррис Вашингтондаги Ҳовард университетида қилган чиқишида.

Шу билан бирга, у «сайловдаги мағлубиятини тан олса ҳам, сайловолди кампаниясига асос бўлган курашдан – озодлик учун курашдан ҳеч қачон воз кечмаслигини» таъкидлади.

Ҳаррис озодлик учун курашни давом эттиришга ваъда берди

Камала Ҳаррис тарафдорларини жасоратни йўқотмасликка чақирди. «Умидсизликка тушманг. Ҳозир таслим бўладиган вақт эмас. Ҳозир енг шимариш вақти. Биламан, кўпчилик биз қоронғи даврга кирганимизни ҳис қиляпти. Лекин фақат қоронғида юлдузларни кўриш мумкин. Энди осмонни юлдузлар билан тўлдириш Американинг қўлида», - деди у.

Ҳарриснинг айтишича, унинг юраги миннатдорчилик, ишонч, муҳаббат ва қатъият билан тўла. «Бу сайлов натижаси биз хоҳлаган, биз курашган ва биз овоз берганимиз эмас. Лекин биз таслим бўлмасак ва курашда давом этсак, Америка ваъда қилган нур янада ёрқинроқ порлашда давом этади», — дейди у.

Камала Ҳаррис ўзи ўқиган университетда нутқ сўзлади. Сайловдан олдинги кечада у тарафдорлари билан гаплашмаганди. Эртаси куни унинг нутқи давомида йиғилганларнинг кўпчилиги ҳафсаласи пир бўлганини, баъзилари йиғлаётганини кўриш мумкин эди. Доналд Трамп кутилмаганда катта фарқ билан ғалаба қозонди. Овоз бериш натижалари овозларни санаб чиқиш тугашидан анча олдин аниқ бўлди.

Мавзуга оид