АҚШ Давлат департаментига РФни SWIFT'дан узиш ғояси муаллифи раҳбар бўлиши мумкин
Доналд Трамп президентлигида АҚШнинг янги давлат котиби сенатор Марко Рубио бўлиши мумкин, у 2014 йилда Россия банкларини SWIFT тизимидан узишни талаб қилган. Шунингдек, Илон Маск ва кичик Кеннеди ҳукумат таркибига кириши ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлди.
Флоридалик сенатор Марко Рубио Доналд Трамп даврида АҚШнинг янги давлат котиби бўлиши мумкин. Бу ҳақда Американинг The Hill ва Politico нашрлари 6 ва 7 ноябр кунлари АҚШдаги президентлик сайловларида ғалаба қозонган Трампга яқин манбаларга таяниб ёзишган.
Рубио 2014 йилда, Россия Қримни қўшиб олганидан сўнг, Россия банкларини халқаро SWIFT тўлов хизматлари тизимидан узишга чақирган. 2022 йил январ ойида, Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли тажовузи бошланишидан олдин, республикачи ўз чақириғини такрорлади. Бундан ташқари, у Россиянинг Украинага ҳужуми содир бўлган тақдирда Владимир Путин ва Россия раҳбариятининг бир қатор бошқа асосий вакилларига нисбатан шахсий санкцияларни жорий этишга чақирди. 2022 йил март ойи бошида Рубио бошқа республикачи сенатор Час Грэсли билан биргаликда Россиянинг барча давлат корхоналарига қарши кенг қамровли санкциялар жорий этишни таклиф қилди.
Доналд Трамп АҚШ президенти этиб сайланганидан сўнг Рубио Украинадаги уруш «боши берк кўчага кириб қолгани» ва унга якун ясаш кераклигини айтди. Шу билан бирга, у «украиналиклар ўзларини Россия агрессиясидан ҳимоя қилишда ниҳоятда жасур ва кучли бўлганини» таъкидлади.
Маск ва кичик Кеннеди ҳукумат таркибига кирадими?
Сайловолди кампаниясида Трампни фаол қўллаб-қувватлаган миллиардер Илон Маск сайлов натижалари эълон қилингандан сўнг Овал кабинетда акс этган ўзининг фотоколлажини эълон қилди – афтидан, у энди АҚШ сиёсатида муҳим рол ўйнашига шама қилган. 20 август куни Трамп «агар рози бўлса, ажойиб йигит» Маскка ўз маъмуриятида лавозим таклиф қилишга тайёрлигини айтди. X ижтимоий тармоғи эгаси бунга жавобан «хизмат кўрсатишга тайёр» эканлигини ёзди ва «Ҳукумат самарадорлиги департаменти» ёзуви билан подиум ортида тургани тасвирланган нейрон тармоғи томонидан яратилган суратни илова қилди.
The Hill эҳтиёткорлик билан «Маскнинг позицияси қандай бўлиши ҳали аниқ эмас», деб ёзди, аммо, афтидан, Трамп иммиграция, электромобиллар ва ҳукумат томонидан тартибга солиш каби масалаларда «уни тинглайди». The New York Times газетасининг хабар беришича, Маск аллақачон SpaceX ходимларини давлат лавозимларига тавсия қилган.
Америка матбуоти ҳукумат лавозимларига бошқа номзодларни ҳам келтирди. Хусусан, бу АҚШ президентлигига мустақил номзод бўлган ва август ойида Трамп фойдасига номзодини қайтиб олган кичик Роберт Кеннеди. Трамп кичик Кеннедига ўз маъмуриятида «соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат ва аёллар саломатлиги» билан боғлиқ масъулиятли лавозимни ишониб топширишни хоҳлашини айтди. The Hill нашрининг ёзишича, бу вазирлик портфели бўлиши даргумон — собиқ демократ номзоди республикачилар кўпчилик бўлса ҳам, Сенат томонидан маъқулланмаслиги эҳтимолга яқин.
Кичик Кеннедининг ўзи Доналд Трамп маъмурияти ичимлик сувидан фторни олиб ташлаш учун кураш олиб боришини айтди. Бундан ташқари, Трампнинг сайловдаги собиқ рақиби вакцинацияни бекор қилишга шошилмасликка ваъда берган – илгари у кенг танқид остига олинган вакциналарга қарши риторикага қарамай.
Трамп январда Оқ уйга қайтади
5 ноябрь куни бўлиб ўтган АҚШ президентлик сайловларида республикачи Доналд Трамп ғалаба қозонди. У ўз штатларидаги сайловчиларни ифодаловчи 295 та сайловчилар коллегияси овозини таъминлади, ғалаба қозониш учун эса 270 овоз керак эди. Унинг рақиби, Демократик партиядан номзод, АҚШ вице-президенти Камала Ҳаррис очиқчасига мағлубиятини тан олди. АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден ҳокимиятни Трампга тинч йўл билан топширишга ваъда берди.
20 январ куни АҚШнинг янги президенти инаугурацияси бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
13:58
«Трамп урушларни тўхтата олмайди» – америкалик сиёсатшунос Женнифер Брик
12:46
Икки марта аёлларни ютган Трамп: АҚШнинг янги-эски президенти ҳақида қизиқарли маълумотлар
12:37
Пуэрто-Рико аҳолиси яна бир бор АҚШ таркибига қўшилиш учун овоз берди
00:54