Жамият | 18:46 / 08.11.2024
1313
3 дақиқада ўқилади

Нонушта қилмаслик диабет ва семизликка олиб келиши мумкин — диетолог

Ишга ёки ўқишга кетишда нонушта қилмайдиган одамлар кўпинча тўғри овқатланмайди, кечқурун уларнинг иштаҳаси кучайиб кетади, деб таъкидлади мутахассис.

Фото: Shutterstock

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бир кунда уч маҳал овқатланишни (нонушта, тушлик, кечки овқат) тавсия этади. Бунда кечки тамадди уйқудан 2-3 соат олдин ва енгил бўлиши лозим. Шу билан бирга, нонуштанинг ўрни жуда муҳим бўлиб, ундан воз кечиш соғлиқ билан боғлиқ жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин, деб огоҳлантирди россиялик эндокринолог, тиббиёт фанлари номзоди ва диетолог Оксана Михалева.

Мутахассис таъкидлашича, ишга ёки ўқишга кетишда нонушта қилмайдиган одамлар кўпинча тўғри овқатланмайди, кечқурун уларнинг иштаҳаси кучаяди. Натижада, улар одатда ҳаддан ташқари кўп овқат еб қўяди, чунки организм кун давомида етарли калория ёки зарур озуқа моддаларини олмаган бўлади.

“Улар кун давомида нимадир тамадди қилиши, ҳатто фаст фуд ейиши мумкин, лекин тўйимли ва соғлом овқат емагани сабабли барибир оч қолади. Кечқурун ва уйқудан олдин бир неча марта овқатланиш вазн, семизлик ва иккинчи турдаги диабет билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши мумкин”, — деб огоҳлантирди мутахассис.

Шунинг учун кечқурун ҳаддан ташқари кўп ейишга мойил одамлар овқатланиш тартибига, яъни нонушта, тушлик ва кечки овқатга риоя қилиши мақсадга мувофиқ экани айтилмоқда. Шу билан бирга кунига икки маҳал овқатланиш (соат 11-12 оралиғида нонушта қилиш, кечки овқатни вақтлироқ ейиш) бўйича тавсиялар ҳам мавжуд. Фақат бунда таом калория ва озиқ моддаларга бой бўлиши керак. Бундай тартиб очлик хуружларини ҳис қилмайдиган ва ҳаддан ташқари кўп овқатланишга моил бўлмаган одамлар учун мос келиши мумкин.

Нонушта қилмасликка яна бир сабаб шуки, кечқурун жуда кўп овқат истеъмол қилган одам тун давомида очиқишга улгурмайди ва натижада эрталаб нонуштага эҳтиёж сезмайди. Аммо диетологнинг огоҳлантиришича, бу кечқурун ҳаддан ташқари кўп овқатланиш ва эрталаб иштаҳа йўқолишидан иборат айланма жараённи келтириб чиқариши мумкин.

“Шу сабабдан нонуштани ўтказиб юбормаслик керак. Лекин сиз соғлом бўлсангиз ва кечроқ нонушта қилиш ёки умуман нонуштасиз юриш қулай бўлса, бу ёмон эмас. Дейлик, ишхонага келиб тўлақонли овқатлансангиз, бу сизни ортиқча овқатланишга, қувват танқислигига ҳамда турли озуқа моддалари етишмаслигига олиб келмаса, бу ҳам яхши вариант”, — дея таъкидлади мутахассис.

Нонуштадан воз кечиш соғлом одамлар учун жиддий оқибатларга олиб келмаса-да, ортиқча овқатланишга мойил кишиларда семириш ва иккинчи турдаги қандли диабет ривожланиши хавфини туғдириши мумкин, дея хулоса қилди шифокор.

Мавзуга оид