Жаҳон | 09:08
10692
3 дақиқада ўқилади

Зеленский: Курск областидаги КХДР аскарлари йўқотишларга дучор бўлмоқда

Шимолий Корея аскарлари аллақачон Курск областида Украина қуролли кучларига қарши жанговар ҳаракатларда қатнашмоқда ва биринчи йўқотишларни дучор бўлмоқда, дейди Володимир Зеленский. Киев жаҳон ҳамжамиятидан бу вазиятга қатъий муносабат билдиришни талаб қилмоқда.

Фото: Russian Defence Ministry/dpa/picture alliance

Россия Федерациясининг Курск областида жойлашган шимолий кореялик аскарларнинг бир қисми аллақачон Украина қуролли кучларига қарши жангларда қатнашмоқда ва бу жараёнда илк йўқотишларга дучор бўлди. Бу ҳақда 7 ноябр, пайшанба куни Украина президенти Володимир Зеленский Европа сиёсий ҳамжамиятининг саммитидаги иштироки якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Агар дунёнинг айрим давлатлари КХДРнинг Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этишига «баланд овоз билан» муносабат билдирган бўлса, бошқалари умуман муносабат билдирмади, баъзилари эса буни «жимгина» қилди ва ҳозирда Киев ушбу учинчи гуруҳ билан ишламоқда, деди Зеленский. «Ҳозир биз огоҳлантирамиз ва ишонамизки, агар Россия Федерациясига нисбатан сиёсий босим ва тегишли қурол ишлатмасак, унда кейинги қадам Шимолий Корея контингентидан анча кенгроқ фойдаланиш бўлиши мумкин, чунки Путин доимо дунёнинг реакциясига қарайди. Менимча, бугунги кунда у етарли эмас», — дея таъкидлади Украина президенти.

Киев жаҳон ҳамжамиятидан кескин муносабат кутмоқда

Володимир Зеленский 4 ноябр куни Курск областида аллақачон 11 минг Шимолий Корея аскари борлигини айтди. Жанубий Корея раҳбарияти ҳам худди шундай маълумотларни эълон қилди. «Шимолий кореяликлар сони ортиб бораётганини кўряпмиз, аммо шерикларимизнинг муносабати кучайганини кўрмаяпмиз», деб шикоят қилди Зеленский. Бир кун ўтгач, у дунё ҳамжамиятидан вазиятга «қатъий жавоб» беришни талаб қилди.

4 ноябр куни БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Россия Федерацияси ва КХДР ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни «хавфли кескинлашув» йўли деб атади. У Шимолий Корея қўшинларининг Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россияга жўнатилгани ҳақидаги хабарлардан хавотир билдирди ва «бу можаронинг халқаро миқёсда бўлишига йўл қўймаслик учун ҳамма нарсани қилишга» чақирди.

5 ноябр куни Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига Киевга ташриф буюрган немис ҳамкасби Анналена Бербок билан Шимолий Кореянинг урушга аралашганига жавобан «қатъий чоралар кўриш зарурлигини» муҳокама қилганини айтди. «Биз Европани Шимолий Корея қўшинлари энди Европада суверен Европа давлатига қарши тажовузкор уруш олиб бораётганини англаб етишга чақирамиз», деди Сибига.

Умеров: РФ шимолий кореяликларни бурятлар қиёфасида яширяпти

Украина мудофаа вазири Рустем Умеров 6 ноябр куни эълон қилинган Жанубий Кореянинг KBS телеканалига берган интервюсида шимолий кореяликлар билан илк жанглар ҳақида маълум қилди. Шу билан бирга, у россияликлар шимолий кореяликларни бурятлар қиёфасида яшираётгани ва шунинг учун КХДР ҳарбий хизматчиларининг шахсини аниқлаш қийинлигини таъкидлади.

Мавзуга оид