Жамият | 18:12 / 09.11.2024
82889
10 дақиқада ўқилади

Бир чуқурдаги икки мурда – Пайариқдаги қотиллик тафсилоти

2021 йилнинг 13 март куни Пайариқ туманидаги Алишер Навоий маҳалласида содир этилган мудҳиш жиноятни қишлоқ одамлари ҳануз унута олмайди: ўша куни маҳаллада 14 ва 8 ёшли ака-ука ўта ваҳшийлик билан ўлдирилган. Болаларини уйда ёлғиз қолдирганича бирровга кўчага чиққан аёл ўзи сезмаган ҳолда жиноятчининг ҳийласига алданади. Онанинг бирор соат уйда бўлмаслиги жиноятчи учун кифоя қилганди. Қотилнинг кимлиги маълум бўлганида эса одамлар ҳайратдан ёқа ушлаб қолишади.     

Фото: Kun.uz

Шундай жиноятлар бўладики, унинг содир этилганига йиллар ўтса-да, эсланганида одамларни қўрқув ва ҳайратга солади. 2021 йил баҳорида Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги Алишер Навоий маҳалласида содир этилган қотиллик жинояти ҳам қишлоқ аҳолисига ҳали унут бўлгани йўқ: одамлар гап орасида ҳамон ўша воқеани эслаб, афсус сифатида бош чайқаб қўйишади.

Сирли яширин рақам

Пайариқ туманидаги Алишер Навоий маҳалласида яшовчи Марғуба Туйғунова уй юмушларидан ортиб, турмуш ўртоғининг топганига қўшимча бўлиши учун иш суриштириб юрганди.

2021 йил 13 март куни турмуш ўртоғи Шербек Туйғунов Қобил исмли қўшниси билан ишга чиқиб кетади. Улар Самарқанд шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйлардан бирида ишлаб келишарди.

Аёл соат 7:30 ларда ўғли Сардорни мактабга жўнатади ва уй юмушларига киришади. Соат 10:00 ларда эса иккинчи фарзанди Алишерни компютер тўгарагига кузатиб қўяди. Шу вақтда унинг телефонига яширин рақамдан қўнғироқ бўлади. Ўзини Наргиза деб таништирган аёл вояга етмаган икки фарзанди борлигини, уларга энага кераклигини айтади. “Агробанк олдида учрашиб, гаплашиб олсак бўлади”, дейди аёл. Марғуба Туйғунова эса унга фарзандлари мактабдан келгач боришини айтади. 

Шу орада қўшниси Озода Тоғаева қўнғироқ қилиб қолади ва картошка экмоқчи эканини айтиб, кетмон сўрайди. У орадан 4-5 дақиқа ўтганидан сўнг келиб, кетмонни олиб кетган.

Қўшнисини кузатганидан кўп ўтмай Марғуба Туйғунованинг телефони яна жиринглайди. Яширин рақамдан қўнғироқ бўлаётганини кўриб, жавоб беради.

“Мен туман марказий шифохонасида ишлайман. Шифохона олдига келсангиз бояги иш масаласини гаплашиб оламиз”, дейди бироз аввал ўзини Наргиза деб таништирган аёл.

Марғуба Туйғунова ўғли Сардорнинг мактабдан келиш вақтини ҳисобга олиб, кичик фарзанди Азизни уйда қолдирганича йўлга чиқади. Йўл-йўлакай мактабдан қайтаётган Сардорни кўриб, хонадон калитини унга беради ҳамда укаси Азиз уйда эканини айтганча ўзи шифохона томонга кетади.

Ғойиб бўлган ака-ука

Манзилга етиб борган Марғуба Туйғунова бир муддат шифохона олдида қўнғироқ бўлишини кутиб турган. Негаки, ўзини Наргиза деб таништирган аёл яширин рақамдан қўнғироқ қилган, унга қайтиб чиқишнинг эса имкони йўқ эди.

Қўнғироқ бўлавермагач, шифохонага кириб Наргиза исмли шифокорни сўрайди. Аммо тиббиёт ходимлари бундай исмли шифокорни танимасликларини айтишади. 

Марғуба яна 30-40 дақиқа ўша ерда қўнғироқ бўлишини кутиб ўтиради. Сўнгра фарзандларидан хавотирланиб, ўғли Азизнинг қўлидаги телефон рақамига қўнғироқ қилади. Телефонни кимдир кўтаради, бироқ жавоб бермасдан ўчириб қўяди. Қайта-қайта қилинган қўнғироқлар эса жавобсиз қолдирилади.

Она шундан сўнг телефон орқали Гулжаҳон исмли қўшниси билан гаплашади ва болаларидан хабар олишни илтимос қилади. Қўшниси эса бироз ўтиб, уй эшиги ёпиқ эканини айтади.

Хавотирланган аёл шошиб уйига йўл олади. Йўлда унга эрталаб кетмон сўраб келган бошқа бир қўшниси Озода Тоғаева қўнғироқ қилади. “Болаларингиз бизнинг уйга келди. Мендан 5 минг сўм сўрашди. Бердим. Кейин мактаб томонга кетишди”, дейди у.

Уйига етиб борган Марғуба Туйғунова Озода Тоғаева билан биргаликда ўғилларини излай бошлайди: мактаб, кўчаларни излашади, аммо ака-укадан дарак йўқ эди. Улар изсиз ғойиб бўлишганди гўё.

 Бу орада аёл фарзандлари йўқолиб қолганини турмуш ўртоғига айтади. Шербек Туйғунов ишдан етиб келади, қариндошлар ҳам тўплана бошлайди. Ҳамма 14 ёшли Сардор ва 8 ёшли Азизбекни изларди. Бироқ натижа бўлмагач, ярим тунда ИИБга хабар берилади.

14 март куни ака-укани қидириш давом эттирилади. Прокуратура ва ИИБ ходимлари келиб, уйни кўздан кечиришади.

Жиноий режа

Марғуба Туйғунованинг иш излаб юрганини қўшниси Озода Тоғаева биларди. Шу сабабли, унинг уйида кўп миқдорда пул бўлиши мумкинлигини тахмин қилиб, уларни ўғирлаш режасини тузади.

Режага кўра, 13 март куни соат 12:00 ларда у Марғуба Туйғуновага яширин рақамдан қўнғироқ қилади ва иш масаласида гаплашиб олиш учун ундан туман марказий шифохонаси биноси ёнига келишни сўрайди. 

Марғуба Туйғунова уйидан чиқиб кетганига амин бўлгач, Озода Тоғаева ғайриқонуний равишда унинг уйига ўғриликка тушади.

Қотиллик

Озода пул ва қимматли буюмларни қидираётган вақтида вояга етмаган Сардор ва Азиз келиб қолади. Бундан шошиб қолган аёл жавобгарликка тортилиб, маҳаллада шарманда бўлмаслик учун жиноятини яшириш мақсадида ака-укани ўлдиришни режа қилади.

Аёл Сардор ва Азизни турли ёлғонлар билан алдаб, ўз уйига олиб келган. Сўнгра пичоқ билан қуролланиб, дастлаб ҳовлида ўйнаб ўтирган Азизни ошхонага чақиради. У қўлидаги пичоқ билан вояга етмаган Азиз Турановнинг кўкрак ва қорин соҳаларига ўта шафқатсизларча бир неча маротаба зарба беради. Етказилган жароҳатлар оқибатида бола ерга йиқилади.

Шундан сўнг Озода қўлидаги пичоқни орқасига яширган ҳолда ҳовлидаги машина ичида ўйнаб ўтирган Сардорнинг олдига боради. Болани машинадан тушириб, унга ҳам бир неча бор пичоқ уради ва ерга йиқитади.

 Сўнгра аёл содир қилган ўта оғир жиноятини яшириш мақсадида яшаш уйининг ҳовлисидан чуқур қазади ҳамда ака-укани келтириб унга ташлайди. Болалар ҳатто шу пайтда ҳам тирик бўлишган. Аммо ўта ваҳшийлашиб кетган аёл уларнинг ўлмаганини англаб, белкурак билан Сардор ва Азизнинг бош қисмига зарбалар берган ҳамда қасддан ўлдирган. Кейин эса мурдалар устига ғўзапоя ва ёғоч тахталарини қўйиб, бензин сепган ҳолда ёқиб юборган.

Шу орада у Марғуба Туйғуновага қўнғироқ қилиб, болалари ундан 5 минг сўм олганини ва мактаб томонга кетганини айтиб қўйган.

Судда Озода Тоғаева ўз айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймон эканини билдирган ҳамда ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган. 

“Эри ҳам унинг шериги бўлган”

Судда марҳумларнинг отаси Шербек Туйғунов жиноятда Озода Тоғаевага унинг турмуш ўртоғи Қобил Зубайдуллаев ва қариндоши Даврон Бўрибоев шерик эканини айтиб, уларга ҳам қонуний чора кўришни сўраган. Шербек Туйғунов ва Қобил Зубайдуллаев жиноят содир этилган куни ишда бирга бўлишган.

Туркиядан қайтиб келганимдан сўнг Самарқанд шаҳрида қурилаётган кўп қаватли уйларда пайвандчи бўлиб ишлай бошладим. Ишга танишимнинг машинасида Қобил ва Бобумурод билан бирга бориб келардик.

2021 йилнинг 9 феврал куни Россияда ишловчи акам қўнғироқ қилиб, 900 АҚШ доллари жўнатганини айтди. Қобил билан бирга бориб, жўнатилган ушбу пулни Челак шаҳридаги банкдан олдик.

24 феврал куни Қобил бир аёл кишидан фоизга қарз олганини, лекин ушбу пулни ҳозирги кунга қадар қайтариб бера олмаётганлигини айтиб, 500 АҚШ доллари миқдорида қарз сўради. У пулни 3-4 ойда қайтариб беришини айтди. Унга пулни турмуш ўртоғим М.Туйғуновадан олишини айтдим. Қобил кейинчалик олган пулини қайтариб берди.

13 март куни Қобил билан бирга ишлаш учун қурилишга бордик. Шу куни у ҳеч қаерга чиқмади. Лекин турмуш ўртоғи билан телефон орқали мулоқот қилиб турди.

Озода Тоғаева ушбу жиноятни бир ўзи содир қилмаган, унинг шериклари бўлган. Чунки у аёл бўла туриб бир соатнинг ичида бир ўзи иккита болани ўлдириб, чуқур қазиб, ёқиб ва кўмиб улгура олмасди.

Қобил Зубайдуллаев ҳам уларга шерик. Унинг вазифаси мен билан бўлиб, маълумотни етказиб туриш бўлган. Бундан ташқари, менинг уйимда пул борлигини Қобил биларди”, деган ота. 

Бироқ суд Шербек Туйғуновнинг бу важларини тўлиқ инкор қилган. Бунга асос сифатида Озода Тоғаеванинг яшаш уйи атрофидаги видеокамералар кўздан кечирилганда, 2021 йил 13 март куни шубҳали шахслар юрмагани ёки шубҳали машиналар ҳаракатланмагани, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатмалари келтирилган. 

Жазо

1995 йилда туғилган Озод Тоғаева суд ҳукми билан Жиноят кодексининг 25,169-моддаси 2-қисми “г” банди (уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб ўғрилик қилиш), 97-моддаси 2-қисми (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) “а, в, ж, о” бандлари ва 134-моддасида (қабрни таҳқирлаш) назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга 13 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган. 

Ҳар икки томон суд ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикояти киритган. Судланувчи Озода Тоғаева апелляция шикоятида унга нисбатан тайинланган 13 йил 3 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосини енгилроқ жазога алмаштиришни сўраган.

Жабрланувчи Шербек Туйғунов эса апелляция шикоятида судланувчи Озода Тоғаевага нисбатан суд енгил жазо тайинлаганлигини билдириб, унга оғир жазо тайинлашни, шунингдек, жиноятда иштирокчи деб ҳисоблаган Қобил Зубайдуллаев ва Даврон Бўрибоевни ҳам жавобгарликка тортишни сўраган.

Бироқ Самарқанд вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан апелляция шикоятлари қаноатлантирилмасдан, дастлабки суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.

Руслан Сабуров,
Kun.uz

Суд материаллари асосида тайёрланди

Мавзуга оид