Роберт Ҳабек Германия канцлерлигига номзод бўлиши мумкин
Германия вице-канцлери Роберт Ҳабек навбатдаги Бундестаг сайловларида ўз партияси рўйхатини бошқармоқчи эканлигини маълум қилди ва канцлер лавозимига ўз номзодини таклиф қилди.
Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек навбатдаги Бундестаг сайловларида ўзининг «Иттифоқ-90/«яшиллар» партиясининг сайлов рўйхатига раҳбарлик қилиш истагини билдирди. У 8 ноябр, жума куни Instagram, X ва YouTubeʼда эълон қилинган видеода: «Яшиллар» номзоди сифатида қатнашаман», деди. У ўз партиясидан бу ҳақда сўрашини айтди.
«Мен ўз тажрибамни, кучимни ва масъулиятимни таклиф қилишга тайёрман, агар хоҳласангиз, канцлер сифатида ҳам», - деди у. Шу билан бирга, вазир қарорни сайловчилар қабул қилиши кераклигини таъкидлади. «Буни фақат сиз ҳал қилишингиз мумкин», дея қўшимча қилди у.
«Яшиллар»дан номзод бўйича қарор ноябрда қабул қилиниши мумкин
Ҳабек ўз мурожаатида сайловолди сўровларида «яшиллар» рейтингининг пастлигига эътибор қаратди ва партия сайловчилар ишончини қайтариши кераклигини таъкидлади.
«Яшиллар» партияси ноябр ойи ўрталарида Висбаденда бўлиб ўтадиган федерал қурултойда бўлажак Бундестаг сайловлари учун ўзининг асосий номзодини ҳал қилади. AFP таъкидлаганидек, ҳозирда 55 ёшли Ҳабек «Иттифоқ-90/«яшиллар»дан канцлер лавозимига номзод сифатида кўрсатилиши кутилмоқда. 2021 йилдаги сўнгги сайловларда ўз партияси рўйхатини бошқарган Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ўтган ёзда ўзини партия рўйхатида биринчи ўринга қўйишдан бош тортган эди.
Германияда Бундестагга муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши мумкин
Режага кўра, Бундестагга сайловлар 2025 йил 28 сентябрда бўлиб ўтиши керак. Бироқ сўнгги икки кун ичида Берлиндаги ҳукумат инқирози фонида йил бошида муддатидан олдин сайловлар ўтказилиши эҳтимоли пайдо бўлди.
6 ноябр куни Олаф Шолц коалиция қўмитасида можаро авж олгани учун молия вазири ва Эркин демократик партия (ЭДП) раиси Кристиан Линднерни ишдан бўшатган эди. Қарор Германияни уч йил давомида бошқарган социал-демократлар, эркин демократлар ва «яшиллар»дан иборат коалициянинг қулашини белгилаб берди.
Шолц 15 январ куни Бундестагда ҳукуматга ишонч масаласини кўтариш ва шу орқали мамлакатда 2025 йил мартида бўлиб ўтиши мумкин бўлган муддатидан олдин сайловларга йўл очиш ниятида эканлигини маълум қилди. Мухолифатдаги ХДИ етакчиси Фридрих Мерц яқин кунларда ва келаси йилнинг январ ойида бўлиб ўтадиган сайловларда канцлерга ишонч масаласини кўтаришни талаб қилди. Ҳукумат коалициясидан чиққан либерал ЭДП ҳам муддатидан олдин сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда.
Мавзуга оид
11:47
Ўзбекистон давлат хизматчилари Германияда малака оширади
20:26 / 12.11.2024
Германия бундестагида муддатидан олдин ўтказиладиган сайловлар санаси маълум бўлди
07:50 / 12.11.2024
Германияда Украинага ҳарбий ёрдам кўрсатиш ғоясини қўллаб-қувватлаш пасаймоқда
20:57 / 11.11.2024