Ўзбекистон | 12:07 / 09.11.2024
16945
3 дақиқада ўқилади

Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди

Урганч туманида 8 гектарлик интенсив боғ маҳаллий ҳокимлик топшириғи билан “қаровсиз ер” сифатида бузиб ташланди. Боғга Туркиядан келтириб ўтқазилган 4 минг туп ўрик ниҳоли қарийб мевага кириб қолган бўлган. Kun.uz’га мурожаат қилган деҳқоннинг айтишича, ҳоким унга ўзи айтган фирмадан ниҳол олишни буюрган.

Урганч туманида деярли ҳосилга кириб, энди даромад келтиришни бошлаши керак бўлган интенсив боғ бузиб ташланди. Kun.uz’га мурожаат қилган деҳқон уни туман ҳокими алдаганини айтмоқда.

Деҳқон Рустам Аҳмедовга кўра, у 2022 йил бошида тумандаги бирор бўш турган экин ерини олиб, боғ яратмоқчи бўлган. Аммо ўтказилган аукционларда “ўйинлар” бўлгани боис ғолиб бўлолмаган.

Шундан сўнг Урганч тумани ҳокими Фрунзе Шариповга мурожаат қилдим. Ҳоким фермер хўжаликларидан бирига тегишли бўлган 8,2 гектар ер майдонини менга таклиф қилди. Ушбу ер майдони ўша пайтда вилоят ҳокимининг топшириғига биноан боғ барпо этилиши учун захирага ўтказилиши кўзда тутилган экан. Менга оғзаки равишда боғни яратавериш, вақти келганида ер номимга ўтиши айтилди.

Шарти шуки, кўчатларни ҳоким айтган фирмадан олишим керак эди. Мен кўндим. Туркиядан келтирилган кўчатларни ўтқаздик, парвариш қилдик. Мана энди боғ мевага кирган бир пайтда уни бузиб ташлашди”, дейди Kun.uz мухбири билан гаплашган деҳқон.

Рустам Аҳмедовнинг қўшимча қилишича, у ўрик ниҳолларининг ҳар бир донасини 4 АҚШ долларидан сотиб олган. Энди эса у боғни яратиш учун сарф қилган 200 млн сўм маблағи қоплаб берилмаяпти.

Kun.uz ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Урганч тумани ҳокимлиги вакили билан боғланди. Унинг маълум қилишича, мазкур ер қаровсиз қолганлиги сабабли ўзга бир деҳқонга берилган.

Kun.uz ёритиб келаётган Хоразм воҳасида юз бераётган бу каби ҳодисалар тегишли идораларнинг эътиборидан четда қолмоқда. Жумладан, олдинроқ Хоразмда тадбиркорнинг шолисини тортиб олишга уриниш ҳолати бўлганди. Ундан аввалроқ эса Қорақалпоғистон Республикасининг Кегейли туманида деҳқоннинг пишай деб турган 14 гектар шоли даласи бузиб ташланганди. Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ҳолат ўрганилиб, қонуний ҳал этилиши назоратга олинганини билдирди. Аммо орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай ўрганиш натижаси ва айбдор масъулларга қўлланилган таъсир чоралари очиқланмади.

Мавзуга оид