Трамп Зеленский билан «илиқ ва ёқимли» суҳбат ўтказган. Унда Маск ҳам иштирок этган
Суҳбат давомида Маск Starlink сунъий йўлдош тизимларидан фойдаланиш имкониятини тақдим этиш орқали Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришини айтган.
АҚШнинг сайланган президенти Доналд Трамп ўтган ҳафта чоршанба куни Володимир Зеленский билан телефон мулоқоти ўтказган, унда Tesla ва SpaceX компаниялари раҳбари Илон Маск ҳам қатнашган.
Маск Трампнинг Зеленский билан телефон орқали суҳбати вақтида хонада бўлгани ҳақида биринчи бўлиб жума куни кечқурун Америкадаги Axios нашри хабар тарқатди. Кейинроқ бу маълумотни бошқа нашрлар ҳам тасдиқлади.
Axios’нинг мулоқот жараёнидан бохабар бўлган манбаларига кўра, Зеленский учун иккита нарса кутилмаган ҳол бўлган: мулоқот чоғида Маск ҳозир бўлгани ҳамда суҳбатнинг Киевга далда берувчи мазмуни.
Axios муаллифлари ёзишича, 25 дақиқалик суҳбат давомида Зеленский Трампни ғалаба билан табриклаган, сайланган президент эса Украинани қўллашда давом этишини билдирган, аммо тафсилотларга тўхталмаган.
Axios нашрининг уч манбаси Зеленский суҳбат яхши ўтгани ва унинг Трампнинг ғалабаси бўйича энг жиддий хавотирлари ўринсиз бўлиб чиққанини ҳис этгани айтишган. Нашр суҳбатдошларидан бири қайд этишича, «мулоқот Зеленскийда умидсизлик туйғуси уйғотмаган».
Маск эса Starlink сунъий йўлдош терминалларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш орқали Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга ваъда қилган. Охирги вақтларда у бу масалада бетарафлик позициясини танлаётганди. Маск манбаларнинг маълумотлари юзасидан изоҳ беришни истамаган.
Зеленский Трампдан ташқари Маск билан ҳам гаплашгани фактини Украина президенти маъмуриятидаги манба BBC’га тасдиқлаган. «Президент Трампнинг ёнида Илон ҳам бўлган ва у гўшакни унга берган, президент Зеленский „Старлинк“лар учун миннатдорчилик билдирган», — деган манба.
Мулоқот вақтида қандай кайфият ҳукм сургани ҳақидаги саволга жавобан манба «нормал, ишчи кайфияти, яхши мулоқот» дея жавоб берган.
BBC суҳбатдоши Зеленскийнинг Маск билан мулоқоти қисқача бўлгани ва у асосан Трамп билан гаплашгани, бу мулоқот ярим соатга яқин вақт давом этганини айтган.
«Бу жуда муҳим масалаларни муҳокама қилиш учун суҳбат эмасди, лекин, умуман олганда, бу жуда илиқ ва ёқимли мулоқот бўлди», — деган манба.
Axios нашри суҳбатдошларидан бирининг айтишича, Зеленский қўнғироқ Трампнинг сайловлардаги ғалабасидан кўп вақт ўтмай рўй берганини ижобий белги деб ҳисоблайди.
Илон Маск 2024 йилги сайловларда Трампнинг энг ёрқин тарафдорларидан бири бўлди ва сайловолди кампанияси чоғида унга ёрдам бериш учун бор имкониятларини ишга солди. Энди у Оқ уйнинг янги маъмуриятида муҳим рол ўйнаши мумкинлиги истисно этилмаяпти.
Трамп Украина ҳақида нималар деган ва манбалар нима дейди?
Зеленский сентябр ойида Трамп билан Ню Йоркда учрашув ўтказганди. Шундан буён унинг ёрдамчилари бир неча бор Украина ҳамда унинг президенти ҳақида танқидий фикрлар билдирган Трампнинг атрофидагилар билан алоқани сақлаб қолган.
Трамп бир кун ичида Украинадаги урушга барҳам беришини айтган, аммо буни айнан қандай қилмоқчи эканига аниқлик киритмаган. Унинг мухолифлари янги президент Киевни ҳудудий ён беришлар ҳисобига тинчлик сулҳи тузишга мажбурлашидан хавотир билдиришган.
Axios манбаларидан бири эса Украина вакиллари Трампнинг гапларни бундай қабул қилмаганини айтган. «Зеленский ва унинг ёрдамчилари Трамп ва унинг жамоасидан ўзаро суҳбатларда бу каби гапларни эшитишмаган, бизни хавотирга соладиган ёки барчаси учун айнан Украина тўлов қилишини ҳис қилишга мажбурлайдиган ҳеч қандай гап йўқ», — дея манба сўзларини келтирган Axios.
Нашрнинг уч манбасига кўра, Трамп бошқа гаплар қатори Зеленскийга қуйидагича ваъда берган: «Ваъда бераманки, сиз мендан мамнун бўласиз».
Америкадаги президентлик сайловларидан кейин Зеленский у билан «ажойиб телефон мулоқоти ўтказгани» ва «уни тарихий ҳамда ишончли ғалаба билан табриклагани»ни айтганди.
«Биз яқиндан мулоқотни давом эттириш ва ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олдик. АҚШнинг кучли ва қатъиятли етакчилиги — тинчлик ва адолатли дунё учун жуда муҳим», — деганди у.
Илон Маск ва Украинадаги уруш
2022 йил февралида Россия босқини бошланганида Маск Украинани қўллаб-қувватлаган ҳамда Киевга ўзининг Starlink сунъий йўлдош интернет тизимидан фойдаланиш имкониятини тақдим этганди, бу эса РФдагиларда норозилик уйғотганди.
Starlink терминаллари партияси Украинага ўша йил март ойи бошидаёқ етиб келади — ўшанда Украина рақамли трансформация вазири Михайло Федоров SpaceX раҳбарига мамлакатни сунъий йўлдош интернети тизимига улашни сўраб мурожаат қилганди.
Украиналик ҳарбийлар учун уяли алоқа ва интернет йўқлиги шароитида Starlink терминаллари ўта муҳим аҳамият касб этади.
2022 йил февралидан кейин Маск ижтимоий тармоқларда Кремл билан фаол равишда интернет-жанг ҳам бошлаганди. Хусусан, 14 март куни у тўғридан тўғри Владимир Путинга дуэл таклиф этилган твит ёзади.
«Мен Владимир Путинни жангга чорлайман. Ўртага — Украина қўйилади», — дея ёзганди америкалик тадбиркор инглиз тилида. Давомига Кремлнинг расмий аккаунтини тег қилган ҳолда рус тилида шундай қўшимча қилади: «Сиз бундай жангга тайёрмисиз?»
Аммо кўп ўтмай у украинлар ғазабига ҳам сабаб бўлади — 2022 йил октябрида ижтимоий тармоқда Украинада қандай йўл билан тинчликка эришиш ҳақидаги фикрларини билдириб, урушни якунлаш вариантларини таклиф этганидан сўнг.
Унинг таклифлари орасида Россиянинг оккупация қилинган ҳудудларида БМТ ҳомийлиги остида янги референдум ўтказиш, Қримни Россияга бериш ҳамда уни сув билан таъминлаш кабилар бор эди. Маск Украинага бетарафлик мақомини беришни таклиф этганди.
Маск шунингдек Украинада 2012 йил ўтказилган сайловлар харитасини келтириб, «Украинларнинг катта қисми сўзсиз Украинанинг бир қисми бўлишни хоҳлаши, аммо шарқий ҳудудларда кўпчилик Россияни афзал кўриши»ни айтганди.
Кейинроқ SpaceX компанияси Starlink тармоғидан ҳарбий мақсадларда фойдаланишни чеклаб қўйди — Илон Маск буни «биз Starlink’дан дронлар билан узоқ масофаларга зарба беришга қўя олмаймиз» деб изоҳлаганди.
Маскнинг бошқа қадамлари, хусусан, тинчлик режаси уни Россия билан алоқалар ўрнатиш ҳамда Украина ҳудудлари аннексия қилинишига легитим тус беришга уринишда айблаш учун асос бўлади.
Маск бу каби даъволарни доимо рад этиб келган.
Мавзуга оид
15:00
«20 дақиқа олдин ҳам уни танимасдим». Трамп телеканал бошловчисини Пентагон раҳбарлигига танлади — Вашингтондагилар «шокка тушган»
10:46
Трамп Украина бўйича музокаралар учун махсус вакил тайинлайди
09:46
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
09:40