Ўзбекистон | 14:13 / 11.11.2024
15069
5 дақиқада ўқилади

Enter Engineering ходимлари бир неча ойдан буён маошсиз ишлаётганини айтмоқда

Enter Engineering ва Saneg ходимлари маоши ойлаб кечикаётгани ҳақида мунтазам равишда шикоят қилиб келади. Ойлик берилишини талаб қилаётган ишчиларнинг фото ва видеолари интернетда ҳам бир неча бор тарқалди. Маълум бўлишича, бу компанияларга алоқадор Самарқанд халқаро технология университети ўқитувчиларига ҳам бир неча ойдан бери маош берилмаган.

Фото: Enter Engineering

Kun.uzʼга Enter Engineering компаниясига бевосита ва билвосита алоқадор ташкилот ходимлари уларга бир неча ойдан бери маош тўланмаётганидан шикоят қилиб мурожаат йўллади.

“Май ойидан бери ойликларимиз йўқ. Фақатгина май, июн, июл ойликларидан озгина беришди, 2-3 млндан. Бу пул нима бўлади оилали одам учун. Август, сентябр, октябр ойликлари тўлиқ турибди. Давлатдан кредит олсангиз, 1 кун кечикса пеня туғади. Лекин бизнинг ойлик ойлаб берилмаса ҳам ҳеч кимнинг иши йўқ”, – дейилади мурожаатда.

Таъкидланишича, қатор ходимлар иш ташлаш эълон қилиб, ишга боришмаяпти.

Eriell ва Enter Engineering’га алоқадор Самарқанд халқаро технология университети ўқитувчиларига ҳам бир неча ойдан бери маош берилмаган.

“Мен Saneg’га (Eriell гуруҳи) тегишли Самарқанд халқаро технология университети профессориман. Бу семестрда ҳозирча бирорта профессорга маош берилмади. Бу даҳшатли. Нима қилишни билмаймиз.

Чет эллик профессорлар охирги марта 4 сентябрда маош олишган, маҳаллий ўқитувчиларнинг ойлик олмаганига эса ундан ҳам кўп вақт бўлган. Бизга нима бўлаётгани ҳақида ҳеч нарса айтилмайди. Шунчаки “пул йўқ”, “пулни кутамиз” дейишади”, деди исми ошкор қилинишини истамаган хорижлик профессор.

Унинг қўшимча қилишича, АҚШ, Жанубий Корея ва Эрондан олиб келинган ўнлаб ўқитувчилар маоши берилмаётгани сабабли иш ташлаш ҳақида ўйлашяпти.

Аввалроқ, Daryo.uz Олмалиқ кон-металлургия комбинати таркибидаги 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишида ишлаётган Enter Engineering ишчилари Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллигини пулсиз кутиб олгани ҳақида ёзганди. Ходимлар 2024 йилнинг май ойи учун “аванс” берилганини, ўшандан бери маошсиз ишлаб келишаётганини айтган.

Кейинроқ ишчиларнинг нашрга билдиришича, 7-8 сентябр кунлари фабрикани қураётган компания – Enter Engineering ишчиларига маош тарқатган: май ойининг 30 фоиз қолдиғи ва июн ойи маошининг 70 фоизи берилган.

Мурожаатчиларнинг билдиришича, маошлар дастлаб 7 сентябр куни Олмалиқ 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишида ишлаётган ишчиларга, кейин Самарқанд ва Қоракўлдаги ишчиларга тарқатилган. Лекин компаниянинг бошқарув офиси ва вилоятларидаги офислари ишчиларига маош ҳамон берилмаган.

Дастлабки мақоладан кейин Daryo.uz сўровига жавоб бераркан, Enter Engineering матбуот хизмати маошлар секин-аста берилаётганини билдириб, бу мавзуни ҳозирча олиб чиқмаслик ҳақида маслаҳат берган.

Компания ходимларининг маошларини бир неча ойлаб кечиктириши янги масала эмас. Апрел ойида ижтимоий тармоқларда ОКМК мисни бойитиш фабрикаси қурилишида иш ҳақи тўланмаётгани сабабли ходимлар жамоавий норозилик билдиргани ҳақида хабарлар тарқалди. Enter Engineering ишчилари Gazeta.uz'га 2024 йилнинг январ, феврал ва март ойлари учун уларга маош берилмаётганини маълум қилганди. Нашрга кўплаб ишчилар кўчада тўпланиб, иш ҳақи кечикаётганидан норози эканини билдирган видео келиб тушган.

Бундан ташқари, Enter Engineering'га аффилланган Eriell компаниясида ҳам ходимларнинг иш ҳақлари борасида муаммолар бор. Kun.uz'га мурожаат қилган Eriell ходимларига 3 ойлик маошлари тўланмаган. Компания ходими ойликлар бир неча ой кечиктирилгач, июнда ишдан бўшаганини айтганди.

“Июнда ишдан бўшадим, яқинда май ойининг маошини тўлашди. Ҳозир ишлаётганлар 3 ойлик маошларини олмаган”, – деганди у.

Меҳнат кодексига биноан, ходимларга иш ҳақини тўлаш муддати ярим ойда бир мартадан кам бўлмаслиги керак.

Маълумот учун, Enter Engineering компанияси 2012 йилда ташкил этилган бўлиб, муқаддам “Газпромбанк” назоратида бўлган; нефт ва газ, саноат ва фуқаролик объектларини лойиҳалаш, етказиб бериш, қуриш ва ишга тушириш бўйича хизматлар кўрсатади. Eriell эса нефт ва газ қазиб олувчи компаниялар учун эксплуатация ва қидирув (разведка) қудуқларини бурғилаш хизматларини кўрсатади.

Хорижда рўйхатдан ўтган ҳар иккала компаниянинг бенефициари ўзбекистонлик тадбиркор Бахтиёр Фозилов экани айтилади. Унинг бизнес фаолияти, Enera компаниялар гуруҳи назоратидаги активлар, шунингдек, мамлакатдаги энг йирик газ омборини кенгайтириш лойиҳасини ҳам ўз ичига олади.

Мавзуга оид