Жаҳон | 21:44 / 12.11.2024
1660
2 дақиқада ўқилади

Испаниянинг қатор ҳудудлари кучли ёғингарчилик хавфидан огоҳлантирилди

Валенсияда ҳамон октябр ойида кучли ёғингарчилик сабаб юзага келган сув тошқинлари оқибатлари бартараф этилмоқда.

Фото: AP

Валенсия, Каталония ва Балеар оролларининг айрим ҳудудларида об-ҳавонинг кескин ёмонлашуви туфайли юқори даражадаги огоҳлантириш эълон қилинди.

Прогнозларга кўра, ушбу ҳудудларда кучли ёғиргачилик, баланд тўлқинлар ва шиддатли шамол кузатилиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, Валенсияда ҳамон октябр ойида кучли ёғингарчилик сабаб юзага келган сув тошқинлари оқибатларини бартараф этиш ва қайта тиклаш ишлари давом этмоқда. Ушбу табиий офат 220 дан ортиқ инсоннинг умрига зомин бўлган. Испаниянинг кўплаб аҳолиси маҳаллий ҳукуматни тошқинлардан жабр кўрган ҳудудларга самарали ёрдам кўрсата олмаганликда айбламоқда.

Шаҳар ҳукумати табиий офат юз берган куни соат 20:00 да, сув Валенсиянинг жанубий ҳудудларига кириб бўлганидан кейин аҳолини огоҳлантиришни бошлаган. Испания ҳукумати шаҳарни қайта тиклаш учун ўтган ҳафта ваъда қилинган 10,6 миллиард еврога қўшимча равишда 3,76 миллиард евро ажратилишини тасдиқлаган.

Компенсация аҳолига, кўчмас мулк объектларига тақсимланади, фермерлар эса умумий ҳисобда 200 миллион евро ёрдам пулини олади. Маблағларнинг 500 миллион евродан ортиғи Валенсияни лой ва чиқиндилардан тозалашга йўналтирилади.

Эслатиб ўтамиз, 30 октябрга ўтар кечаси Валенсиянинг бир неча ҳудудларида бир неча соат ичида бир квадрат метрга 300 литрдан ортиқ ёмғир ёғган. Кичик Чива қишлоғида бу кўрсаткич 1 квадрат метрга 491 литр ёмғирни ташкил этди. Бу минтақадаги йиллик ёғингарчиликка тўғри келади. Сув ва лойнинг кучли оқимлари кўприкларни бузди ва одамларни, машиналарни ва ҳатто бутун уйларни олиб кетди.

Мавзуга оид