Путин Курск областини Трамп инаугурациясигача қайтармоқчи
Курск областининг бир қисми уч ойдан ортиқ вақтдан бери Украина қуролли кучлари томонидан эгаллаб турилибди. Унинг Россия назоратига қайтиши Кремлга Украина билан ҳар қандай тинчлик музокараларига кучлироқ позиция билан киришиш имконини беради, деб ёзади The Telegraph.
Россия президенти Владимир Путин 2025 йил 20 январда Доналд Трампнинг АҚШнинг 47-президенти сифатида инаугурацияси олдидан бир қисми Украина қуролли кучлари томонидан эгаллаб олинган Курск областини Россия назоратига қайтармоқчи. Бу ҳақда Британиянинг The Telegraph газетаси 11 ноябр, душанба куни ёзди.
Бундай қадам Москвага ҳар қандай тинчлик музокараларига кучлироқ позиция билан киришга имкон беради, дейди Ғарб дипломатлари. Нашрнинг таъкидлашича, Россия армияси 6 августдан бери Украина қўшинлари томонидан босиб олинган ҳудуднинг қарийб ярмини назоратга олишга муваффақ бўлди.
Британия ҳарбий разведкаси: РФ армияси ҳужумларни дронлар билан кучайтиради
Яқин кунларда Россия Федерацияси чегара яқинида янги учувчисиз учиш майдончаларидан фойдаланган ҳолда учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида Украина ҳудудига ҳужумларни кучайтириши мумкин, дея таъкидлади The Telegraph Британия ҳарбий разведкаси баҳоси билан танишиб. Ўз навбатида, украиналик таҳлилчилар Москва Украина билан чегарадош ҳудуд – Суми областига ёриб кириш учун Курск областидаги қарши ҳужумдан фойдаланишга ҳаракат қилишини тан олди.
Бир кун аввал Американинг The New York Times газетаси хабарига кўра, 50 минг кишилик Россия ва Шимолий Корея қўшинлари Курск областида қарши ҳужумга тайёргарлик кўрмоқда. Жанубий Корея, АҚШ ва Украина ҳисоб-китобларига кўра, Украинага қарши урушда қатнашиш учун КХДРдан Россия Федерациясига 8 мингдан 12 минггача ҳарбий хизматчи олиб келинган.
Трамп ва Путин ўртасидаги эҳтимолий суҳбат
Американинг The Washington Post газетаси 10 ноябр куни Трамп ва Путиннинг 7 ноябр куни бўлиб ўтган телефон суҳбати ҳақида хабар берди. Нашр суҳбатдошларига кўра, Оқ уйнинг собиқ раҳбари Россия президентига Украинадаги урушни кучайтирмасликни маслаҳат берган ва АҚШнинг Европада муҳим ҳарбий иштирокини эслатган.
Бироқ, Кремл суҳбат бўлиб ўтганини рад этди. «Бу тоза фантастика, бу шунчаки ёлғон маълумот», деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.
Мавзуга оид
15:00
«20 дақиқа олдин ҳам уни танимасдим». Трамп телеканал бошловчисини Пентагон раҳбарлигига танлади — Вашингтондагилар «шокка тушган»
10:46
Трамп Украина бўйича музокаралар учун махсус вакил тайинлайди
09:46
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
09:40