Саманта Ҳарви космонавтлар ҳақидаги романи учун Букер мукофотига сазовор бўлди
Ҳарви мукофотни 2019 йилдан бери қўлга киритган биринчи аёл бўлди. Шунингдек, тарихда биринчи марта коинотдаги ҳаётни тасвирловчи роман ғолибликни қўлга киритди.
Британиялик ёзувчи Саманта Ҳарви «Орбитада» (Orbital) романи учун 2024 йилги Букер мукофоти совриндори бўлди. Бу ҳақда мукофотнинг расмий сайти хабар берди.
Ҳарви мукофотни 2019 йилдан бери қўлга киритган биринчи аёл бўлди. Шунингдек, тарихда биринчи марта коинотдаги ҳаётни тасвирловчи роман ғолибликни қўлга киритди. Китоб ҳажми атиги 136 саҳифани ташкил этади. Ғалаба учун Саманта Ҳарви 50 минг фунт стерлинг (≈ 840 млн сўм) олади.
Роман воқеалари Халқаро космик станцияда бўлиб ўтади. АҚШ, Россия, Италия, Япония ва Буюк Британиядан олти нафар астронавт ҳаётий ишларни бажаради ва Ерни узоқдан кузатади. Вақт ўтиши билан улар Ерсиз ҳаёт қандай бўлиши ва инсониятсиз сайёра нимани англатиши ҳақида ўйлай бошлайди. Космонавтлар ўз қўрқувлари ва орзуларини муҳокама қилишади ва мовий сайёранинг муҳим қисми - унинг ҳимоячиларидек ҳис қилишади.
Ўтган йили Букер мукофоти ирландиялик Пол Линчга «Пайғамбар қўшиғи» романи учун берилган эди. Китоб ўз мамлакати ҳукумати зулм ва фашизм томон кетаётган бир пайтда оиласини сақлаб қолишга уринаётган аёл ҳаётини ҳикоя қилади.
Букер мукофоти инглиз адабиёти оламидаги энг нуфузли совринлардан биридир. Мукофот биринчи марта 1969 йилда топширилган. 2013 йилгача у Ҳамдўстлик давлатларидан бири Ирландия ёки Зимбабведа яшовчи муаллифга инглиз тилида ёзилган романи учун берилган. 2014 йилги мавсумдан бошлаб мукофот муаллифнинг миллатидан қатъи назар, инглиз тилида ёзилган роман учун берилади.
Мавзуга оид
22:01 / 04.04.2024
Болалар шоири ва ёзувчиси Раим Фарҳодий вафот этди
19:06 / 01.05.2023
Габриел Гарсиа Маркеснинг илгари нашр этилмаган романи 2024 йилда чиқади
19:48 / 18.10.2022
Шри-Ланкалик ёзувчи адабиёт бўйича Букер мукофотига сазовор бўлди
16:38 / 27.05.2022