Жамият | 22:39 / 13.11.2024
53477
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда мактаб ўқувчисини зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланган – Бош прокуратура

Ушланганлар орасида Қўшработ тумани прокуратурасининг собиқ иш юритувчиси ҳам бор. Яна бир нафар гумонланувчини ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Фото: Kun.uz

Аввалроқ Kun.uz’да Самарқанд вилоятида 8-синф ўқувчиси бўлган қиз бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрлангани ҳақида хабар берилганди.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов ҳодиса юзасидан маълумот берди. Унга кўра, 2024 йил 6 октябр куни вояга етмаган қиз бир неча шахс томонидан зўрлангани ҳақида ариза билан мурожаат қилган.

Ариза юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида ушбу ҳолатга Қўшработ тумани прокуратурасининг иш юритувчиси ҳам алоқадорлиги аниқланган.

У жорий йил 30 октябр куни вилоят прокурорининг тегишли буйруғи билан прокуратура органларидан ишдан бўшатилган.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳамда тайинланган судга оид тиббиёт ва биологик экспертизалари натижаларига кўра, 31 октябр куни Иштихон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Сўнг жиноят иши терговга тааллуқлилиги бўйича ички ишлар органига юборилган.

Олиб борилган тергов ҳамда тезкор тадбирлар давомида 9 нафар гумонланувчи аниқланиб, терговга жалб қилинган. 8 нафар шахс, шу жумладан Қўшработ тумани прокуратурасининг собиқ иш юритувчиси процессуал тартибда ушланган. Бир нафар гумонланувчини ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Қайд этилишича, ҳозирда жиноят иши тергови устидан прокуратура назорати ўрнатилган.

Маълумот учун, қиз 2024 йил 23 сентябр куни ўғирлаб кетилган. Орадан маълум вақт ўтгач, қариндошлари қиз йўқолгани ҳақида ариза ёзишган. Жабрланувчи орадан 13 кун ўтиб, 6 октябр куни баданида зўравонлик излари билан топилган.

Мавзуга оид