Жаҳон | 23:57 / 14.11.2024
2853
3 дақиқада ўқилади

Ҳаитида бир кунда Американинг учта йўловчи самолёти ўққа тутилди

АҚШ Фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси Америка авиакомпанияларига бир ой давомида Ҳаитига рейслар амалга оширишни тақиқлаб қўйди.

Фото: Reuters

АҚШ Фуқаролик авиацияси федерал бошқармаси Америка авиакомпанияларига бир ой давомида Ҳаитига рейслар амалга оширишни тақиқлаб қўйди. Ушбу қарор учта самолёт мамлакат пойтахти Порт-о-Пренсга қўниш ва учиш вақтида ўққа тутилгани сабаб қабул қилинди. Ҳужумлар 2021 йилдан бери давом этиб келаётган ҳукумат инқирози шароитида шаҳарнинг катта қисмини назорат қилаётган қуролли гуруҳлар томонидан амалга оширилган.

Ҳужумларнинг учаласи ҳам 11 ноябр куни амалга оширилган. Аввалига жангарилар Порт-о-Преснга қўнаётган Spirit Airlines авиакомпанияси самолётига қарата ўт очган. Борт кузатувчи яраланган, шундан кейин учувчи ҳаво кемасини қўшни Доминикан Республикасига қўндиришга қарор қилган.

Шундан кейин Порт-о-Пресндан учиб кетаётган American Airlines ва JetBlue самолётлари ҳужумга учраган. Улар АҚШга муваффақиятли қўнишни амалга оширган, аммо American Airlines самолётига зарар етган.

Қуролли гуруҳлар томонидан самолётларнинг ўққа тутилиши Ўтиш даври кенгашининг янги бош вазир тайинлаш тўғрисидаги қарорига жавоб бўлиши мумкин. Тайинлов 11 ноябр тонгида эълон қилинганди.

Ҳаитида 2021 йилдан бери давлат институтлари инқирози давом этмоқда — бунга президент Жовенел Моизнинг ўлдириши сабаб бўлди. Мазкур воқеа мамлакатда парламент йўқлигида юз берди. Моиз ўз ҳокимиятини мустаҳкамлашида депутатлар халақит бермаслиги учун парламент сайловларини бир неча бор кечиктирган эди. 

Нуфузли сиёсий гуруҳларнинг келишуви ҳамда БМТ, АҚШ ва бошқа давлатлар кўмагида Ариэл Анри давлат раҳбари бўлди, аммо мамлакатнинг кўплаб аҳолиси унинг легитимлигини тан олмади. Умум эътироф этилган институтлар йўқлиги сабабли, қуролли тўдалар мамлакатнинг кўп жойларида ҳокимиятни эгаллашга киришди. Уларга қарши туриш учун маҳаллий аҳоли кўнгиллилар бўлинмаларини тузди ва натижада фуқаролик уруши бошланиб кетишига бир бахя қолди. 2023 йилда тўқнашувлар оқибатида 9 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, юз минглаб инсонлар ўз уйларини тарк этди.

2024 йил мартда Анри истеъфо берди. Қуролли гуруҳлар деярли исён кўтариб, уни шундай йўл тутишга мажбурлади: улар ҳукумат биноларига ҳужумлар уюштирди, иккита қамоқхонадан қарийб 5 минг маҳбусни озод этди. Апрел ойидан бери Ҳаитида олий ҳокимият функциясини Ўтиш даври кенгаши бажариб келмоқда. Унинг ваколатлари 2026 йил апрелда тугайди — унга қадар мамлакатда қонуний президент сайланиши керак.

Мавзуга оид