Ғайрат Фозилов Европа кенгаши президентига ишонч ёрлиқларини топширди
Ташқи ишлар вазирининг собиқ ўринбосари Ғайрат Фозилов 2023 йил декабрда Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчиси этиб тайинланган эди. Жорий йил феврал ойида у қирол Филиппга ишонч ёрлиқларини топширган.
Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқидаги миссияси раҳбари, элчи Ғайрат Фозилов Европа кенгаши президенти Шарл Мишелга ўзининг ишонч ёрлиқларини топширди.
Қайд этилишича, маросим доирасида бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон—Европа муносабатлари кун тартибидаги бўлажак тадбирларга доир масалалар юзасидан фикр алмашилган.
«Европа кенгаши президенти Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи, умуман, Марказий Осиё минтақаси билан ҳамкорликнинг бугунги ҳолатига ижобий баҳо берди. У Шавкат Мирзиёевнинг прагматик ва яхши қўшничилик сиёсати Марказий Осиёда ижобий ўзгаришларга олиб келгани, минтақани барқарор ривожланиш ва фаровонлик йўлида бирлаштирганини алоҳида таъкидлади», — дейилади хабарда.
Шарл Мишел, шунингдек, сўнгги йилларда биргаликдаги ишлар натижасида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланишнинг янги босқичига кўтарилганини қайд этган. ЕИ Европа ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга катта аҳамият қаратиши тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон элчиси Ғайрат Фозилов 2023 йил 5 декабр куни Белгия ва Европа Иттифоқи пойтахтига ташриф буюрган эди. У 2015-2017 ва 2021–2023 йилларда Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида ишлаган. 2024 йил 7 феврал куни Фозилов Белгия қироли Филиппга ишонч ёрлиқларини топширган эди.
Ғайрат Фозилов 2017-2023 йилларда Белгия, Нидерландия ва Люксембургдаги элчи, Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи ва НАТОдаги (қароргоҳи Брюссел шаҳрида) ваколатхоналари раҳбари лавозимларида ишлаган Дилёр Ҳакимов ўрнига тайинланганди.
Мавзуга оид
18:57 / 07.09.2024
Брюсселдаги Audi заводи ёпилиши мумкин
16:45 / 30.08.2024
Кулеба Брюсселда Киевга ҳарбий ёрдамни тезлаштиришни муҳокама қилади
09:41 / 17.05.2024
Болаларни ҳимоя қилиш: Брюссел Meta’га қарши суриштирув бошлади
08:31 / 04.04.2024