Жаҳон | 08:50
6290
2 дақиқада ўқилади

Курск области собиқ раҳбари РФ ҳарбийлари талончилик қилганини тан олди

Россия аскарлари Курск областидаги уйларни талон-торож қилишган, дея тасдиқлади Россия транспорт вазири Старовойт Глушково райони аҳолиси билан учрашувда. Аввалроқ ТАСС Украина аскарлари Глушковода талон-торож қилишаётганини даъво қилган эди.

Фото: AP Photo/picture alliance

Яқин вақтгача Курск области губернатори лавозимида ишлаб келган Россия транспорт вазири Роман Старовойт бу ҳудудда россиялик ҳарбийлар томонидан талон-торож қилиш ҳолатлари қайд этилганини тасдиқлади. «Тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчилар орасида талончилик фактлари бор», деди Старовойт Глушково райони аҳолиси билан учрашувда, унинг видеоси 14 ноябр, пайшанба куни «Курск сейчас» Telegram-каналида эълон қилинган.

Старовойт маълумотларига кўра, Глушково районидаги қишлоқларда давом этаётган жанглар пайтида аҳоли ташлаб кетган уйларни талон-торож этиш ҳолатлари бир кун аввал ҳуқуқ-тартибот идоралари билан учрашувда муҳокама қилинган. Бу сўзлардан сўнг залда қарсаклар янгради.

2024 йил май ойида Россия Федерацияси транспорт вазири лавозимига тайинланган Роман Старовойт, шунингдек, етказиб бериш хизматлари орқали ўлжаларни Россиянинг бошқа ҳудудларига ташиш фактлари ҳақида хабар берди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига Курск области аҳоли пунктларида хавфсизликни кучайтириш вазифаси аллақачон юкланган, дея қўшимча қилди у.

Губернатор аҳолига компенсация ваъда қилди

Жанглардан жабрланган чегара ҳудудлари аҳолиси билан учрашув ҳақида Курск области амалдаги губернатори Алексей Смирнов ҳам Telegram-каналида хабар берди, у россиялик ҳарбийларнинг талончилиги ҳақида гапирмади. Унинг сўзларига кўра, тадбирда «шахсий транспорт ва қурилиш техникаси учун тўловлар бўйича масалалар» муҳокама қилинди. У йўқолган машиналар учун товон пули тўлашга ваъда берди ва уйидан айрилган фуқароларга уй-жой гувоҳномаси берилишини маълум қилди.

Аввалроқ ТАСС давлат агентлиги Украина Қуролли кучлари аскарлари Глушковода талон-торож қилишаётгани ҳақида хабар берган эди. Ўз навбатида, рус «ҳарбий мухбирлари» бу қишлоқ ҳеч қачон Украина армияси назорати остида бўлмаганини ёзишди.

«Агентство» нашри ҳам Курск областида россиялик ҳарбийлар томонидан талон-торож қилиш ҳолатлари ҳақида ёзган.

Мавзуга оид