Ўзбекистон | 10:46
2376
2 дақиқада ўқилади

Қоидабузарлик қилган ФВВ автомобили ҳайдовчиси жаримага тортилди

Тақиқланган жойдан бурилиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги биносига кириб кетган ҳайдовчига фақатгина йўл чизиғини босганлик учун 187 минг 500 сўм жарима қўлланган.

Қоидабузарлик қилган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги автомобили ҳайдовчиси жаримага тортилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, ФВВга тегишли “01 050 FVV” рақамли Malibu автомобили ҳайдовчисига қонуний чора кўрилган. Ҳайдовчига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасига (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) асосан йўл чизиғини босганлик учун БҲМнинг ярим баравари миқдорида жарима жазоси қўлланган.

Kun.uz'га келиб тушган видеода “01 050 FVV” рақамли Malibu автомобили тақиқланган жойдан бурилиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги биносига кириб кетганини кўриш мумкин. Воқеа 12 ноябр куни Тошкент шаҳри Нурафшон кўчасининг Шароф Рашидов кўчаси билан кесишмаси яқинида рўй берган. ФВВ биноси шу ерда жойлашган.

МЖтКнинг 128-5-моддаси 2-қисмига кўра, йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиш – 10 БҲМ (3 млн 750 минг сўм) жаримага сабаб бўлади. 

Мавзуга оид