Ўзбекистон | 14:59
4293
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев қайси масалаларда янги қонунлар керак бўлаётганини санаб ўтди

Президентнинг фикрича, шаҳарсозлик реновацияси, улуш киритиш асосида уй-жой қурилиши, мажбурий тиббий суғурта, электр энергиясининг улгуржи бозори, финтех, стартап ва сунъий интеллект каби масалаларда қонунлар қабул қилишга зарурат бор.

Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 5-чақириқдаги илк мажлисида қатнашди. Ўзбекистон раҳбари ўз нутқида янги сайланган депутатлар қайси масалалардаги қонун лойиҳаларига эътибор қаратишлари зарурлигини санаб ўтди.

Мирзиёевнинг фикрича, аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиб, эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун “Реновация тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш керак.

“Мамлакат аҳолиси сони йилига қарийб 1 миллионга ошмоқда. Бу – янги уй-жойларни кўпайтиришни тақозо этмоқда. Лекин деҳқончилик учун зарур ерлар уй-жой қуришга бериб юбораверилса, эртага қаерга экин экамиз, озиқ-овқат хавфсизлиги нима бўлади, деган саволлар долзарб бўлиб бормоқда”, – деди президент.

Сўнгги пайтларда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва унга ишониб сармоя киритган аҳоли ўртасида низолар учраяпти. Шавкат Мирзиёев бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган қонунни қабул қилиш лозимлигини айтди.

Давлат раҳбарига кўра, тиббий хизматлар сифатини ошириш, ажратилаётган маблағлар ўз эгасига етиб боришини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурта тизимини албатта қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш вақти келган.

“Хусусий мактаб ва боғча қураман”, деган инвесторларни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенг шароитларни яратиб бериш масалаларига ҳам эътибор бериш лозим, деди президент.

Молиявий технологиялар, рақамли маркетплейслар, веб-сервис, бонд омборлари каби янги тижорат майдонлари кундалик ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. Шу нуқтайи назардан, франчайзинг, капитал бозори, стартаплар соҳасидаги муносабатларнинг қонуний асосларини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим.

Келгуси йилда илк бор электр энергияси онлайн улгуржи бозори ишга тушади. Шу боис, иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган бу соҳада бозор механизмларини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Мавзуга оид