Жаҳон | 18:58
996
2 дақиқада ўқилади

Абхазия парламенти президент Аслан Бжания истеъфосини қабул қилди

Энди вице-президент Бадра Гунба давлат раҳбари вазифасини бажаради. Республика парламенти Абхазия президенти сайловини муддатидан олдин ўтказиш санасини белгилаш масаласини бошқа мажлисда кўриб чиқади.

Абхазия парламенти тан олинмаган республика президенти Аслан Бжания истеъфосини қабул қилди. Йиғилишда қатнашган 31 депутатдан 28 нафари мазкур қарорни ёқлаб овоз берди. Қарор қабул қилиш учун 24 овоз тўпланиши керак эди.

Энди вице-президент Бадра Гунба давлат раҳбари вазифасини бажаради. Республика парламенти Абхазия президенти сайловини муддатидан олдин ўтказиш санасини белгилаш масаласини бошқа мажлисда кўриб чиқади.

Абхазия ҳукумати ва мухолифат ўртасида 18 ноябр куни кечқурун бошланган музокаралардан сўнг Бжания «мамлакатда барқарорлик ва конституциявий тузумни сақлаш мақсадида» истеъфога чиқди. Имзоланган келишувга кўра, вице-президент Бадра Гунба Абхазия президенти вазифасини бажарувчи, Александр Анкваб ўрнига эса Валерий Бганба бош вазир этиб тайинланади.

«Спутник Абхазия» хабарига кўра, 19 ноябр куни эрталаб барча намойишчилар президент маъмурияти ва парламент биноларини тарк этди. Вазирлар Маҳкамаси аввалги иш режимига қайтди.

15 ноябр куни Абхазия парламенти Россия билан келишувни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиши керак эди. Бироқ депутатлар кун тартибини тасдиқлай олмади ва Халқ Ассамблеяси спикери Лаша Ашуба йиғилиш бекор этилганини эълон қилди. Шундан сўнг пойтахт Сухумда мухолифат тарафдорлари ва Халқ мажлиси биносини қўриқлаётган хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар бошланди. Оқибатда намойишчилар парламент ва президент маъмурияти биносига бостириб кириб, Россия билан инвестиция шартномасини ратификация қилишни, шунингдек, давлат раҳбарининг истеъфосини рад этишни талаб қилишди. Тўқнашувлар чоғида бир неча киши жароҳатланди. Президент Бжания Сухумдаги намойишларни давлат тўнтаришига уриниш деб атади.

30 октябр куни Россия ва Абхазия ҳукуматлари россиялик компанияларга Абхазияда сармоявий лойиҳаларни амалга оширишга рухсат берувчи келишувни имзолади. Абхазия мухолифат етакчиларидан бири Адгур Ардзинба сўзларига кўра, келишув Абхазиядаги квартираларни сотишни қонунийлаштиришнинг яширин шаклини назарда тутади.

Мавзуга оид