Жаҳон | 22:05 / 19.11.2024
2833
2 дақиқада ўқилади

Энди бизда ATACMS бор, ундан фойдаланамиз — Зеленский

Украина раҳбари узоқ масофага зарба берувчи қуролларга, жумладан Американинг ATACMS ракеталарига эга эканини айтди. Аммо Россия ҳудудига улар билан зарба берилганини тасдиқламади.

Фото: rbc.ru

Украина президенти Володимир Зеленский Украина Қуролли кучлари Американинг узоқ масофали ATACMS ракеталари билан Брянск вилоятига ҳужум қилганини тасдиқламади. Бу ҳақда ундан Дания бош вазири Метте Фредериксен билан бўлиб ўтган матбуот анжуманида сўрашди, деб ёзди «РБК-Украина».

«Узр, ортиқча тафсилотларсиз. Украина узоқ масофага зарба бериш имкониятларига эга, ўзимиз ишлаб чиқарган узоқ масофага учувчи дронлар бор. Энди бизда узоқ масофага зарба берувчи «Нептун» [қанотли ракеталар] бор ва улар оз эмас. Энди бизда ATACMS бор. Буларнинг барчасидан фойдаланамиз», деди Украина президенти.

«РБК-Украина» хабарига кўра, 19 ноябрга ўтар кечаси украиналик ҳарбийлар Брянск вилояти Карачев шаҳри яқинидаги ўқ-дорилар омборига ATACMS ракеталари ёрдамида ҳужум қилган. Шундай қилиб, Украина Қуролли кучлари биринчи марта Россия ҳудудига ҳужум қилиш учун Американинг узоқ масофали ракеталаридан фойдаланган. Украина Қуролли кучлари Бош штаби буни тасдиқламади.

Кўп ўтмай, Россия Мудофаа вазирлиги 19 ноябрга ўтар кечаси Украина Қуролли кучлари Брянск вилоятидаги ҳарбий объектга олтита ATACMS ракетаси билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берди.

17 ноябр куни Америка матбуоти АҚШ президенти Жо Байден Украинага Россиядаги нишонларга қарши ATACMS ракеталарини қўллашга рухсат бергани ҳақида хабар берди.

Мавзуга оид