Украина ATACMS ракеталари билан Россия ҳудудига биринчи зарбани берди
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Брянск вилоятидаги ҳарбий объектга зарба берилган, ёнғин чиққан, аммо қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ.
Украина Қуролли кучлари тунда Россиянинг Брянск вилоятидаги объектга олтита узоқ масофага учувчи ATACMS ракетаси билан ҳужум қилди, деб хабар берди Россия Мудофаа вазирлиги. Департаментнинг қайд этишича, улардан бештаси уриб туширилган, биттаси шикастланган. Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Брянск вилоятидаги ҳарбий объект ҳудудига шикастланган ракета бўлаклари тушган, ёнғин чиққан, аммо қурбонлар ва вайронагарчиликлар йўқ.
Бу АҚШ Украинага ўз қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат бергани ҳақидаги хабарлардан кейин Киев томонидан узоқ масофали ракеталар билан қилинган биринчи ҳужумдир.
The first stars have taken off; the sky looks beautiful when Russian ammunition depots explode.
— Ihor Lachenkov (@igorlachenkov) November 19, 2024
The best is yet to come 🤫 pic.twitter.com/0p6u13JLTa
Аввалроқ, «РБК Украина» агентлиги Брянск вилоятининг Карачев шаҳри яқинидаги ҳарбий объектга ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ Украинанинг «24-канали» Украина Қуролли кучлари Бош штаби бу маълумотни тасдиқламаганини хабар қилди.
17 ноябр куни бир қанча манбалар АҚШ уруш бошланганидан бери биринчи марта Украинага Россия ҳудудига узоқ масофали ракета зарбаларини йўллашга рухсат бергани ҳақида маълум қилди. Хусусан, NYT ва Reuters гап ATACMS ракеталари ҳақида кетаётганини таъкидлади, уларнинг зарба масофаси 300 км гача.
19 ноябр куни Россия президенти Владимир Путин ядровий тийиб туриш доктринаснинг янги асосини тасдиқлади. Ҳужжатда, хусусан, ядро давлати кўмагида ядро қуролига эга бўлмаган давлат томонидан мамлакат ва унинг иттифоқчиларига қарши тажовуз қилиш уларнинг биргаликдаги ҳужуми сифатида баҳоланиши таъкидланган. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков янги доктринага кўра, Украинанинг Россияга қарши Ғарбнинг ядровий бўлмаган ракеталарини қўллаши ҳам ядровий жавобга олиб келиши мумкинлигини таъкидлади.