Спорт | 02:43 / 24.09.2015
4595
2 дақиқада ўқилади

Испания Примераси, 5-тур: “Барселона” меҳмонда “Сельта”га йирик ҳисобда ютқазди

Испания чемпионатининг 5-турида “Сельта” ўз майдонида чемпионат пешқадами “Барселона”ни 4:1 ҳисобида мағлубиятга учратди. Мезбонлар сафида голларни 1-бўлимда Нолито, Яго Аспас киритди. 2-бўлим бошида Аспас яна битта тўп киритди ва ҳисобни 3:0 кўринишига келтирди. 80-дақиқада Неймарнинг голи эвазига каталонияликлар битта жавоб тўпини киритишди. Бироқ 3 дақиқа ўтиб, “Сельта” ўйинчиси Йон Гвидетти ўз жамоасининг 4 тўпини киритиб, “Барса” мухлисларининг барча умидларини батамом йўққа чиқарди.

Бу мағлубият “Барса” учун жорий мавсумдаги биринчиси бўлди. “Сельта” ушбу ғалабаси эвазига мусобақа жадвалида 1-ўринга кўтарилиб олди. Эдуардо Бериццо шогирдлари ҳисобида энди 13 очко бўлиб, улар “Барса”дан бир очко фарқ билан вақтинчалик етакчиликни қўлга олдилар.

Испания Примераси. 5- тур
Сельта – Барселона – 4:1
Голлар: Нолито, 26 (1:0); Аспас, 30 (2:0); Аспас, 56 (3:0); Неймар, 80 (3:1); Гвидетти, 83 (4:1).

Турнинг яна бир учрашувида “Леванте” ва “Эйбар” тўқнаш келди. “Леванте” учрашувнинг охирига қўшиб берилган вақтда Дейверсоннинг голи эвазига ўз майдонида мағлубиятга учрашдан қочишга муваффақ бўлди. Учрашувда 2:2 ҳисобида дурранг натижа қайд қилинди.

Леванте – Эйбар 2:2
Голлар: Моралес, 52, Дейверсон, 90+3 – Борха Бастон, 10, 48

“Райо Вальекано” ва “Спортинг” ўртасидаги учрашув 2:1 ҳисобида мезбонлар фойдасига якунланди.

Райо Вальекано – Спортинг 2:1
Голлар: Трасхоррас, 40, Гуэрра, 48 – Родригес, 49