Жамият | 01:28 / 16.01.2016
16007
2 дақиқада ўқилади

Галина Мельникова марҳум ҳамкасби Абдумўмин Ўтбосаровнинг сўнгги кунини ёдга олди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, таниқли сухандон Галина Мельникова яқинда оламдан ўтган ҳамкасби Абдумўмин Ўтбосаровни ёдга олди.

“Абдумўминнинг ҳаётдан кўз юмиши мен учун шахсий фожиа, - тан олди у. – Чунки бари кўз ўнгимда содир бўлди. 31 декабрь куни йўл-йўлакай машинасида мени уйдан олди, телевидениега бордик. Ёзув вақтида бирдан тоби қочди. Тиббий бўлимимиз дарҳол биринчи ёрдамни кўрсатди, сўнг тез ёрдам уни шифохонага олиб кетди..”.

“Ҳам ижодкор, ҳам инсон сифатида беназир эди, - сўзида давом этди сухандон. – Маданияти, илми, меҳрибон, оилапарвар ва масъулиятлилиги, барча билан бирдек дўстона муомалада бўлиши билан ажралиб турарди. У ҳамиша талабгир ижодкорлар сафида бўлган. Тадбир, байрам, мухлисларнинг яхши кунлари Абдумўминсиз ўтмасди. У телевидениенинг юзи эди, унинг ўрнини босадиган сухандон йўқ. Ҳали қиладиган ишлари кўп эди, бевақт оламдан ўтди. “Эркак киши ўзидан уй қуриб, боғ яратиб, фарзандлар қолдириши керак”, деган ибратли гап бор. Абдумўмин ҳам яқиндагина уй қуриб, кўчат ўтказиб, икки ўғлини олий маълумотли қилганди”.