Ўзбекистон | 11:06 / 16.01.2016
8619
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 2030 йилгача ЯИМни 2 баробар ўстириш вазифаси қўйилди

Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотининг 2016-2030 йилларда 2 баробар кўпайишига эришилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасида таъкидлади.

"Ҳисоб-китоблар шуни кўрсатмоқдаки, юқори қўшимча қийматга эга бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқариш натижасида 2030 йилда, янги турдаги товарлар тайёрлашни ўзлаштириш асосида нефть-газ-кимё соҳасида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 3,2 баробар, рангли металл маҳсулотлари 2,2 марта, қора металлдан тайёрланадиган буюмлар 2,3 карра, кимё саноати маҳсулотлари, жумладан, минерал ўғитлар 3,2 баробар кўпайиши мумкин.

Замонавий технологиялар асосида пахта толасини ва мева-сабзавот маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ташқи ва ички бозорда талаб юқори бўлган тайёр, экологик тоза тўқимачилик ва енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2030 йилда 5,6 марта, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажмини эса 5,7 карра ошириш имконини беради.

Ташқи бозорларда харидоргир, юқори қўшимча қийматга эга бўлган замонавий тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ва янги босқичга кўтариш тайёр маҳсулотлар экспортининг барқарор юқори ўсиш суръатларига эришишда, ҳеч шубҳасиз, катта замин туғдиради.

Шуни айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимизда бу борадаги ишлар бошлаб юборилган. Айни вақтда бу ишлар юқори салоҳиятга эга бўлган ҳар бир турдаги истиқболли хомашё ва ярим фабрикат бўйича чуқур қайта ишлашнинг 2020, 2025, 2030 йилларга мўлжалланган аниқ дастурига эга бўлиш учун мутлақо янги дастурий комплекс ёндашувни талаб этади.

Айни шу кўз билан қарайдиган бўлсак, яъни, жаҳон иқтисодиётининг ривожланиш жараёнларини чуқур таҳлил қилган, ўзимизнинг ресурс ва имкониятларимизни реал баҳолаган ҳолда, биз олдимизга аниқ мақсадни – яъни, 2030 йилга бориб мамлакатимизда ялпи ички маҳсулот ҳажмини камида 2 баробар ошириш вазифасини қўйишимиз учун бугун, ҳеч шубҳасиз, барча асосларимиз бор.

Бу йўлда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ҳисобидан саноатни жадал ривожлантириш ва ялпи ички маҳсулотда унинг улушини 2015 йилдаги 33,5 фоиздан 40 фоизга етказиш, қишлоқ хўжалиги улушини эса 16,6 фоиздан 8-10 фоизга камайтириш, энергияни тежайдиган замонавий технологияларни кенг жорий этиш эвазига ялпи ички маҳсулот учун сарфланадиган энергия ҳажмини тахминан 2 баробар қисқартиришга эришмоғимиз керак.

Биз ўз олдимизга қўйган вазифалар қанчалик асосли эканини қуйидаги ҳисоб-китоблар кўрсатиб турибди. Мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг 2016-2030 йилларда 2 баробар кўпайишига эришиш учун ўртача йиллик ўсиш суръатлари 4,8 фоиз даражасида бўлишини таъминлаш зарур. Агар кейинги 11 йилда бу кўрсаткич 8 фоиздан юқори бўлиб келганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу вазифани амалга ошириш учун мустаҳкам асос ва замин борлиги яққол аён бўлади", дейди президент.