Жаҳон | 18:55 / 17.01.2016
8016
2 дақиқада ўқилади

Турк хакерлари Россиянинг Исроилдаги элчихонаси сайтига Отатурк суратини жойлаштиришди

Börteçine Siber Tim турк хакерлари гуруҳи Facebook орқали Россиянинг Исроилдаги элчихонаси сайтини бузиб киришганини эълон қилишди. Москва вақти билан соат 15:00 да (Тошкент вақти билан 17:00 да) элчихонанинг сайтига кириб бўлмаётгани таъкидланаётганди, бироқ сайтнинг Google кешида қолган версиясига кўра, сайтда Туркия байроғи ва мамлакатнинг биринчи президенти Мустафо Камол Отатуркнинг сурати жойлаштириб қўйилган.

3 январга ўтар кечаси ушбу гуруҳ Россия алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири Николай Никифоровнинг Instagram-аккаунтини бузиб кирганди.

Ўшанда Никифоровнинг Instagram’даги саҳифасида ушбу ҳужумни Börteçine Siber Tim хакерлик гуруҳи амалга оширгани ҳақидаги хабар ва 6 та сурат: босмачилик ҳаракати бошлиғи Анвар-Поша, Турк Республикаси асосчиси Камол Отатурк, Туркия томонидан уриб туширилган Россия ҳарбий самолётининг қулаши пайти, уриб туширилган самолётнинг ўзи ва иккита турк байроғи суратлари жойлаштирилганди.