Эксперт: Қамбарота ГЭСи ҳеч қачон қуриб битирилмайди
Қирғизистон парламенти муҳокамасига ҳукуматнинг Россия билан ҳамкорликда 1-Қамбарота ГЭСини ва Юқори Норин ГЭС каскадини қуриш тўғрисидаги келишув денонсация борасидаги қарори киритилди. Бу воқеага Марказий Осиё бўйича мутахассис, тарих фанлари доктори, профессор Александр Князев фикр билдирди.
“Қамбарота ГЭСи – эски совет лойиҳаси бўлиб, у ўша пайтнинг шароитидан келиб чиқиб ишланган, - деди эксперт. – Бу ГЭС Норин дарёсида қурилиши керак эди, у эса ўз навбатида Сирдарёнинг юқори оқимидир. Бу дарёдан фойдаланиш режасида гидроэлектр энергияси ишлаб чиқаришдан манфаатдор бўлган Қирғизистон ҳамда қуйи оқимдаги давлатлар, бу дарёга гидромелиорация нуқтаи назаридан қарайдиган Ўзбекистон ва Қозоғистон манфаатлари аниқ ажралади”.
1970-йилларда Норин дарёсида Қирғизистон Тўқтагул ГЭСини қурган. Унинг масаласи осон ҳал қилинган: қишда Қирғизистон омборларни сувга тўлдирар, камроқ энегия ишлаб чиқарар, бунинг эвазига Ўзбекистон ИЭСларидан энергия оларди, ёзда эса қуйи оқимдаги мамлакатларнинг қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларига монанд сув қўйиб юборарди. Қамбарота ГЭСидан ҳам шундай сценарий амалга оширилиши кутилаётган эди.
“Аммо ҳозир Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонга ишонмайди, шу боис ГЭС кўп масалаларни келтириб чиқармоқда. 1998, 2000 ва 2005 йилларда келишмаган ҳолда Тўқтагул ГЭСидан сув чиқариб юборилиши салбий оқибатларга олиб келдики, бу Бишкекка бўлган ишончни янада заифлаштиради”, - тушунтиради эксперт.
Тилга олинган йилларда келишилмаган ҳолда омборлардан сувнинг қўйиб юборилиши Ўзбекистон ва Қозоғистонда ирригацион иншоотларнинг бузилиши ва аҳолижойларнинг сув остида қолишига олиб келганди.
Аммо 1990-йиллар охиридан Қамбарота ГЭСига Қирғизистоннинг энергетик муаммоларининг ягона ечими сифатида қарай бошладилар ва у деярли миллий ғояга айланиб қолди. Мамлакат раҳбарияти, шунингдек, лойиҳа ёрдамида келажакда қўшни давлатларга босим ўтказишни режалаштирмоқда.
Шунингдек, Қирғизистон бугунги кунда бундай улкан лойиҳани сифатли амалга оширишга етарли салоҳиятга эга эмас. Сифатсиз қурилиш ишлари эса сейсмик фаол ҳудудда хавф келтириб чиқариши мумкин. Тўғонларнинг бузилиши 20 млн киши яшайдиган ҳудудни хавф остига қўяди. Шу боис қўшни давлатлар, биринчи навбатда, Ўзбекистон Қамбарота ГЭСи лойиҳасига қарши чиқмоқда.
Князевнинг таъкидлашича, лойиҳанинг амалга оширилишида кўплаб муаммолар мавжуд ва шу боис яқин йилларда бу борада бирор ўзгариш бўлмайди. Чунки гидроэнергетика соҳасининг ўзи бугунги кунда самарадор ҳисобланмайди, ва инвестор тиккан пулларини қайтариб олиш учун кенг миқёсли ишлаб чиқариш бўлиши лозим. Қирғизистонда эса бундай ишлаб чиқариш йўқ, бу инвесторларни қочирабдиган асосий омилдир.
Қамбарота лойиҳасида эса ҳеч қандай маркетинг, улкан миқдорда ишлаб чиқариладиган энергия қаерда сотилиши мумкинлиги ҳақида ҳеч қандай тасаввур йўқ. Қирғизистон ва Тожикистон энергиясини Афғонистон орқали Покистон ва Ҳиндистонга сотиш лойиҳаси бўлиб, уни АҚШ 10 йилдан буён илгари суриб келмоқда.
Аммо бу лойиҳани мутахассис “сиёсий мифология” деб атади.Айнан шу ноаниқлик туфайли, Князевнинг фикрича, Қамбарота ГЭСи ҳеч қачон қуриб битирилмайди.
Элдор Асанов тайёрлади