Россия ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистоннинг Россия ГЭСидан воз кечишини жаҳон иқтисодий инқирози билан боғлади
Россия ташқи ишлар вазирлигининг фикрича, Қирғизистон ҳукумати Россия томонидан иккита гидроэлектр станцияси қурилиши бўйича келишувни бекор қилгани жаҳон иқтисодий инқирози билан боғланган. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова маълум қилди.
Захарованинг айтишича, Қирғизистон ва Россия ушбу масала бўйича музокаралар вақтида “юридик ва молиявий-иқтисодий характердаги бир қатор объектив қийинчиликларга дуч келдилар”.
“Муаммолар биринчи навбатда глобал иқтисодий инқироз билан боғлиқ, бу инқироз оқибатида қарз маблағлари сезиларли даражада қимматлашиб кетди. Бунинг оқибатида, келишувларда қайд қилинган ҳолатлар бўйича бу лойиҳаларни айни вақтда деярли амалга ошириб бўлмайди”, деб айтди Захарова.
Захарова, шунингдек, “халқаро-ҳуқуқий тартиботлар ва томонларнинг моддий-мулкий манфаатларини таъминлаш”га амал қилиш муҳимлигини таъкидлаб ўтди.