Facebook топ-менежери ИШИДга қарши “лайклар” билан курашишни таклиф қилмоқда
Facebook’нинг бош бошқарувчи директори Шэрил Сандберг ижтимоий тармоқда ИШИД террорчилик гуруҳини “лайклар” (like) билан мағлуб этиш мумкин, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.
Сандберг бу ҳақда Давосда бўлиб ўтаёган Жаҳон иқтисодий форумида интернетда хавфли гуруҳлар билан курашиш ҳақидаги нутқи давомида айтиб ўтди. У Facebook фойдаланувчилари аввалроқ неонацист қарашларга эга гуруҳга “лайклар” билан ҳужум қилишганини мисол сифатида келтириб ўтди.
“ИШИДнинг ёллашига қарши норозиликни ифодалашнинг энг яхши усули бу ёлланиб, бунинг аянчли оқибатини ўзларида ҳис қилиб, у ердан қутулиб ва ҳақиқатни айтгани ортларига қайтган одамларнинг овозларидир”, деб ҳисобламоқда Сандберг.
Интернетда жангариларга қарши кураш муаммоси кўпчилик сиёсатчилар ва технологик компаниялар раҳбарларини ташвишлантирмоқда. Аввалроқ Дональд Трамп ИШИДни тўхтатиш учун Билл Гейтсга “интернетни ёпиб қўйишни” таклиф қилганди.