Тошкентда йўлдаги тирбандлик туфайли қарама-қарши йўналишга чиқиб олган ҳайдовчини иккинчи ҳайдовчи тўхтатиб қолди
19 январь куни Тошкент шаҳрининг Братислава кўчасида (Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи ёнида) "шошилиб тургани учун" қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиб, тирбандликни айланиб ўтмоқчи бўлган Matiz автомобилига йўл берилмади. Бу ҳодиса тасвирланган видеоёзув Mover хизматига жойлаштирилган.
Ушбу видеода Шота Руставели кўчасидан Братислава кўчасига кирган автомобиль қаршисидан, йўл ҳаракати қоидаларига зид равишда йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмидан ҳаракатланиб келган, давлат рақами 01 K 093 SA бўлган Matiz автомашинаси чиқиб келганини кўриш мумкин.
Вазиятни тасвирга олган ҳайдовчи қоидабузар Matiz ҳайдовчисига йўл бермаган. Шундан сўнг қоидабузар ҳайдовчи автомобилидан тушиб, масалани ўзи истаган йўл билан ҳал қилмоқчи бўлган ва машинадан тушиб, йўлини тўсган ҳайдовчи устига бостириб кела бошлаган.
"Дарё" нашрида ёзилишича, Matiz ҳайдовчиси "даҳанаки жанг"га киришган вақтда тирбандликда навбатини кутаётган милиция ходими унга танбеҳ берган, ҳодиса гувоҳига айланган бошқа бир ҳайдовчи эса "йўлтўсар"ни: "Баракалла, укам! Охиригача йўл берма, барибир ҳеч нарса қила олмайди", — деб қўллаб-қувватлаган.
Натижада, Matiz ҳайдовчиси машинасига ўтириб, тирбандликдаги машиналар қаторига қўшилишга мажбур бўлган. Видео остида фикр билдирган фойдаланувчилар "йўлтўсар"нинг бу ҳаракатини маъқуллашган, Matiz ҳайдовчиси эса танқид остига олинган.