Ўзбекистон | 00:08 / 23.01.2016
7022
2 дақиқада ўқилади

Вьетнамнинг Petrovietnam компанияси Ўзбекистонда нефть ва газ қидиришни тўхтатмоқда

Вьетнамнинг Petrovietnam Exploration & Production (PVEP) компанияси нефть-газ бозоридаги салбий вазият туфайли Ўзбекистон ҳудудида нефть ва газ қидиришни тўхтатишга қарор қилди, деб хабар берди компания вакили.

PVEP’нинг шўъба орхонаси Kossor Operating Company 2016 йилда иккинчи қидирув-разведка қудуғини бурғилаши ва Устюрт ҳудудида олинган натижаларни баҳолаши режалаштирилган эди.

Маълум қилинишича, компания жорий йилда геологоразведка ўтказиш учун лицензион келишувни бекор қилмайди, бироқ ишлар қачон қайта бошланишини айтишга қийналмоқда.
2010 йилда PVEP ва “Ўзбекнефтегаз” МХК Ғиссор инвестицион блокида 5 йил давомида геологик разведка ишларини ўтказишнинг асосий тамойиллари ҳақидаги келишувни имзолаган эди. Бурғилаш натижаларига кўра саноатлашмаган газ оқими олинган ва қидирув ишларини давом эттиришга қарор қилинганди.

Аввалроқ тижорат нуқтаи назаридан Устюрт платосининг Ўзбекистондаги қисмида нефть ва газ қидиришни давом эттиришдан Жанубий Кореянинг Daewoo ва KNOC ва Малайзиянинг Petronas компаниялари воз кечганди. Бундан ташқари, Россиянинг “Газпром” компанияси ҳам ушбу ҳудудда қидирув ўтказиш учун бир қатор лицензион майдонларни Ўзбекистонга қайтиб берди.