Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили дориларнинг нархлари ва фарқлари ҳақида тушунтиришлар берди
Бугунги кунда дорихоналарда айрим дори воситаларининг топилиши қийинлиги, турли муассасаларда нархларнинг фарқ қилиши айрим истеъмолчилар орасида тушунмовчиликларни келтириб чиқармоқда. Бу билан боғлиқ саволларга Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, фармацевтика фанлари доктори, профессор Исмат Азизов жавоб берди.
“Ҳамма харидорлар ҳам ҳар бир дори воситасининг халқаро патентланмаган ва бир неча савдо номлари мавжуд эканини билишмайди, - деди у. – Шифокор дори воситасининг биргина савдодаги номланишини ёзиб бериши мумкин, лекин дорихоналар худди шу воситанинг бошқача номланган турини тавсия этишади. Қарабсизки, сиз ўзингиз қидирган дорини эмас, бошқа номдагисини оласиз. Албатта, камёб дориларни топиш баъзан қийинчилик туғдиради. Шуни қайд этиб ўтишни истардимки, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғига асосан фақатгина касалликларни даволаш стандартлари эмас, балки бунинг учун зарур бўлган дори воситалари ҳам тасдиқланган”.
“Бозорда бир вақтнинг ўзида оригинал дори-дармон билан бирга унинг ўрнини боса оладиган воситалар ҳам бўлади, - сўзида давом этди мутахассис. – Охирги вақтларда патентланмаган препаратлар фармацевтик, терапевтик ва биологик таъсир жиҳатидан сира фарқ қилмаяпти. Асосий таъсир қилувчи модда иккисида ҳам бир хил, ёрдамчи таркибий қисми эса фарқ қилиши мумкин”.
Шунингдек, Азизов дори воситаларининг нархларига ҳам тўхталиб ўтди.
“Ҳаттоки дорихоналар бир-бири билан ёнма-ён жойлашган бўлса ҳам, масҳулотларининг ишлаб чиқарувчилари ва етказиб берувчилари турлича бўлиши мумкин, - унинг сўзларини келтиради “Даракчи” нашри. - Шу боис ҳам бир хил дори воситасининг қийматида фарқ юзага келади. Қанчалик фарқ қилиши эса бошқа масала. Аҳамият беринг, ҳар бир дори воситасининг ишлаб чиқарилган жойига қараб белгиланган нархи бўлади. Қонунга биноан дори-дармон ва тиббиёт воситалари савдоси улгуржи ва чакана тарзда келишилган нархларда амалга оширилади. Лекин дори воситаларининг устама нархи улгуржи савдода 20 фоиз, чакана савдода 25 фоиздан ошмаслиги керак”.