Жаҳон | 22:52 / 26.01.2016
5577
2 дақиқада ўқилади

Рим музейида Эрон президенти келиши муносабати билан барча яланғоч одамлар ҳайкаллари панеллар ортига яшириб қўйилди

Эрондан санкцияларнинг бекор қилинишидан кейин Эрон президентининг Италияга ташрифи муносабати билан Римдаги Капитолий музейи ходимлари яланғоч одамлар ҳайкалларини панеллар ортига яшириб қўйишди, деб хабар бермоқда ANSA агентлиги. Эрон халқи ва шахсан президент Ҳасан Руҳонийга ҳурмат юзасидан шундай қилинди. Руҳоний ва Италия бош вазири Маттео Ренци музейда матбуот анжумани ўтказишди.

Бундан ташқари, Эрон президенти иштирокида ўтган расмий тадбирларда столлар устига винолар қўйилмади.

26 январда Эрон президенти Италияга сафари давомида Ватиканда Рим папаси Франциск билан учрашди. Суҳбат 40 дақиқа давомида дўстона муҳитда ўтди. Томонлар террорчиликка қарши кураш, Яқин Шарқдаги вазиятни тартибга солиш ва қурол-аслаҳа сотишга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилишди. Томонлар сабр-тоқатли бўлиш ва тинчликка кўмак бериш мақсадида динлараро суҳбатнинг муҳимлиги борасида бир фикрга келдилар.

Руҳонийнинг Италияга сафари давомида асосан энергетика ва инфратузилма соҳаларида 17 млрд евролик икки томонлама келишув имзоланди. Эрон президенти твиттердаги блогида Италия бош вазири бир неча ойдан кейин Теҳронга иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш учун келишини маълум қилди.

27 январда Руҳоний Парижга йўл олади. Бу ерда ҳам бир қатор шартномалар, жумладан 100 дан кўпроқ Airbus самолётини сотиб олиш бўйича битим имзоланиши режалаштирилган.