Ўзбекистон | 18:09 / 26.01.2016
15057
2 дақиқада ўқилади

Тошкент кўчаларида фавқулодда боғланиш тизимлари пайдо бўлди

Тошкент кўчаларида фавқулодда боғланиш тизими устунлари пайдо бўлди. Таъкидланишича, пиёдаларнинг анчагина қисми бу қизғиш устунлар нима учун кераклигини билишмади. Шу боис Vot сайти ходимлари шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига мурожаат қилишди.

Жамоат жойларида (майдонларда, транспорт бекатларида, тураржойларда, стадион ва савдо марказларади) хавфсизликни таъминлашга қаратилган ушбу система фуқароларга куннинг исталган пайтида ҳуқуқ-тартибот органлари билан боғланиб, фавқулодда ҳолат ҳақида маълумот бериш имконини яратади.

Жумладан, мобил телефон қуввати тугаганида ёхуд жиддий ЙТҲ содир бўлганида айнан мана шу устунлардан фойдаланиш тавсия қилинмоқда.

Бундан ташқари, чорраҳалардан бирида светофор ишламай қолган тақдирда транспорт ҳаракатини бевосита мутахассис томонидан назорат остига олиниши талаб қилинса, бунда ҳам мазкур тизим қўл келади. Айни пайтда бундай ҳолатлар юз берганида кўпчилик қаерга ва кимга мурожаат қилишни билмайди, бунинг оқибатида машиналарнинг бетартиб ҳаракати тиғизликни келтириб чиқаради, пиёдалар эса узоқ муддат йўлни кесиб ўта олмайди.