Янги «Тошкент-4» терминали лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини Инчхон аэропорти консорциуми ишлаб чиқади
Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпанияси 25 январь куни «Тошкент шаҳар аэропортининг янги халқаро йўловчи терминали қурилиши» (Тошкент-4) инвестициявий лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқиш бўйича бошланғич мажлис ўтказди. Бу ҳақда Gazeta.uz хабар бермоқда.
KOICA ваколатхонаси хабарига кўра, мажлисда Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Ботир Закиров, KOICA идораси директори Им Жонг Хи, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директори Валерий Тян ҳамда лойиҳани бошқариш бўйича Инчхон аэропорти консорциуми вакили иштирок этди.
Тошкент аэропортини Марказий Осиёнинг боғловчи аэропортига айлантириш, мамлакатимиз рақобатбардошлилигини ошириш мақсадида Ўзбекистон ҳукумати эскирган ва кичик бўлган халқаро аэропортни (Аэропорт-2) янги халқаро йўловчи терминалини қуриш йўли билан алмаштиришни режалаштирган. Унинг техник-иқтисодий асосни ишлаб чиқиш эса KOICA’га топширилди.
Ўтган йили Корея агентлиги лойиҳани амалга ошириш учун жорий йилнинг январидан июнига қадар лойиҳа бўйича техник-иқтисодий ҳужжатлар ҳамда аэропортни бошқариш юзасидан мастер-режани амалга оширадиган Инчхон аэропорти консорциумини танлаган эди.
Мажлисда Инчхон аэропорти бошқарувчи менежери Ким Донг Чёл ишлар режаси ҳақида сўзлар экан, Корея томони энг яхши натижаларга эришиш учун қўлидан келганча ҳаракат қилишини айтди. Бунда дунёнинг энг яхши аэропорти деб тан олинган Инчхон аэропортини бошқариш жараёнида тўпланган ноу-хаулардан фойдаланишини таъкидлаб ўтди.