Жамият | 17:39 / 27.01.2016
15098
2 дақиқада ўқилади

Мессининг полиэтилен пакетдан ясалган футболкасини кийиб олган бола Афғонистондан топилди

Полиэтилен пакетдан Лионель Мессининг футболкасини ясаб, кийиб олган бола Афғонистонда яшаши маълум бўлди. Буни исботловчи суратлар Твиттерга жойлаштирилган.

Айни пайтда Австралияда яшайдиган, асли афғонистонлик бўлган Азим Аҳмадий исмли фойдаланувчи Муртазо исмли беш ёшли жияни суратларини эълон қилган. Суратларда пакетдан футболка ясаб олган болакайнинг турли томонлардан туширилган кўринишлари акс этган.

Боланинг отаси Ориф қариндоши Азимга Муртазонинг асл фотосуратларни юборган. Унинг оиласи айни вақтда ҳам Афғонистоннинг қишлоқ ҳудудида яшамоқда.

"У ҳақиқатан ҳам футболни ва Мессини яхши кўради. Бизда ўғлимга ҳақиқий либосни сотиб олиш учун имкон йўқ, мен оддий деҳқонман. Шунинг учун болалар пакетдан фойдаланишган. Муртаза интернети бўлган дўстлари орқали ўзининг машҳурлашиб кетгани ҳақида эшитди", деди ота.

Муртазонинг отаси хорижий мамлакатлар ўғлининг ўз кумири билан учрашишида ёрдам беришига умид қилмоқда.

Бироз олдинроқ, туркиялик интернет фойдаланувчилари полиэтилен пакетдан Аргентина термаси формасини эслатувчи рангларга эга футболка ясаб, кийиб олган бола суратини тарқатишганди. Суратда Даҳук шаҳрида яшовчи бола орқа томонидан кўрсатилган, бу сурат тезда интернетда тарқалиб кетганди.

Ушбу флешмоб ҳақида Лионель Мессининг ўзи хабар топди ва болага ёрдам бериш истагини билдирганди.